Ўзбекистонда сайлов жараёни бошланди (Видео)
Қарийб 100 кунлик сайлов кампанияси якунланиб, бугун, 22 декабр, соат 8:00 да Олий Mажлис ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлиги учун сайловларга старт берилди.
Sof.uz мухбири Тошкент шаҳридаги 128-сайлов участкасида бўлиб, жараённи кузатди.
Сайлов соат 8:00 да Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси билан очилди. Бирин-кетин сайловчилар келиб, ўз номзодлари учун овоз беришни бошладилар.
“Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтаётган бу йилги сайлов халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён ҳисобланади. Бизнинг сайлов участкамизда 1826 нафар сайловчилар рўйхатга олинган бўлиб, улардан 2 нафари муддатдан олдин овоз берган. Сайлов бошланганига 30 дақиқа бўлган бўлса, ҳозиргача 30 нафар сайловчи келиб овоз берди” дейди 128-сайлов участкаси котиби Азиза Имомхўжаева.
“Ярим соатлик кузатувимиз давомида ушбу участкада сайлов қонунчилиги бузилиши кузатилмади. Овоз сандиқлари гувоҳлар иштирокида очилди. Сайловчилардан баъзилари бошқа оила аъзоларининг паспорти билан улар учун овоз бериш мумкинлигини сўрашди. Сайлов комиссияси аъзолари ҳар бир фуқаро бир овоз бериши мумкинлигини, имкон бўлса, ўзлари сайловга чиқишларини, агар имконлари бўлмаса, улар исташса, сайлов комиссяиси вакиллари уларнинг уйига бориб, сайлов бюллетенларини тақдим этишларини маълум қилдилар”, дея хабар беради Sof.uz мухбири.