июн 05, 2023 17:07 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионатини 18 та медаль билан биринчи ўринда якунлади
    Ўзбекистон бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионатини 18 та медаль билан биринчи ўринда якунлади

Филиппинда ўтказилган бадиий гимнастика бўйича ёшлар ва катталар ўртасидаги Осиё чемпионатини Ўзбекистон 18 та медаль — 10 та олтин, 7 та кумуш ва 1 та бронза билан якунлади. Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

31 май-3 июнь кунлари Филиппиннинг Манила шаҳрида бадиий гимнастика бўйича ёшлар ва катталар ўртасидаги Осиё чемпионати ўз якунига етди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси 10 та олтин, 7 та кумуш ва 1 та бронза — жами 18 та медал билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринлар Хитой ва Қозоғистон терма жамоаларига насиб этди.

Терма жамоа таркибида Тахмина Икромова 5 йўналишда ғалаба қозониб, шоҳсупага кўтарилган спортчилар орасида энг яхши мултимедалчи бўлди.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Тошкентда ўтказилган бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубогида Ўзбекистон терма жамоаси 4 та — 1 та кумуш ва 3 та бронза медалига сазовор бўлганди.

Ёрлиқ