АҚШ Ҳарбий вазирлигидаги беқарорлик: Армия штаби бошлиғидан сўнг яна 3 нафар юқори мартабали офицер ишдан бўшатилди
Вазири уруши АҚШ Қуруқликдаги қўшинлар штаби бошлиғининг эҳтимолий ворислари сифатида кўрилган камида 3 нафар юқори мартабали офицерни ишдан бўшатди.
«Парс Тудей»нинг «Меҳр» ахборот агентлигига таяниб хабар беришича, «Нью-Йорк Таймс» нашри хабар тарқатди: АҚШ Уруш вазири Пит Ҳегсет томонидан амалга оширилган кўплаб лавозимдан четлатишлар Америка армияси қўмондонлик тизимида жиддий бўшлиқни юзага келтирган. Генерал Рэнди Жорж лавозимидан четлатилганидан сўнг АҚШ Қуруқликдаги қўшинлари бир неча ойдан бери доимий штаб бошлиғига эга эмас. Шунингдек, армиядаги тўрт юлдузли генераллар сони 10 нафардан 5 нафарга қисқарган.
Исмлари ошкор этилишини истамаган амалдаги ва собиқ америкалик амалдорларнинг айтишича, Ҳегсет апрель ойида генерал Рэнди Жоржни ҳеч қандай изоҳ бермасдан ишдан бўшатганидан бери АҚШ армияси штаб бошлиғисиз қолмоқда. Шунингдек, мазкур лавозимни тўлдириш бўйича жараён кетаётганига ҳеч қандай ишора йўқ.
Айни пайтда Ҳегсет генерал Жоржнинг эҳтимолий ворислари сифатида кўрилган камида уч нафар юқори мартабали офицерни ҳам ишдан бўшатган. Амалдорларнинг маълум қилишича, АҚШ Қуруқликдаги қўшинлар вазири Дэниэл П. Дрисколл ҳам яқин ойларда маъмуриятни тарк этиши кутилмоқда.
Ҳегсет танқидчилари тажрибали қўмондонларни четлатиш армияни заифлаштирганини таъкидламоқда. АҚШ армияси эса, аксинча, мазкур ўзгаришлар унинг вазифалари ва ҳарбий тайёргарлигига салбий таъсир кўрсатмаганини даъво қилмоқда.
Ҳозирда генерал Кристофер Леню бир вақтнинг ўзида штаб бошлиғи ўринбосари ва АҚШ Қуруқликдаги қўшинлари штаби раҳбари вазифасини вақтинча бажармоқда. Бироқ унинг мазкур лавозимда доимий қолиши учун ҳали Сенатда етарлича қўллаб-қувватлов мавжуд эмас. Шу билан бирга, Ҳегсет ва айрим юқори мартабали қўмондонлар ўртасидаги келишмовчиликлар армияни модернизация қилиш ҳамда стратегик қарорлар қабул қилиш жараёнларига жиддий муаммолар туғдирмоқда.
Ҳисоботга кўра, АҚШ армияси ўз тарихидаги энг кескин оператив даврлардан бирида юқори мартабали қўмондонлар сонининг қисқариши, ички келишмовчиликлар ва бошқарувдаги бўшлиқ билан юзма-юз келмоқда. Бундай вазият армиянинг Эрон, Россия ва Хитой томонидан келиб чиқиши мумкин бўлган янги таҳдидлар, жумладан, дронлар ва ракеталарга қарши курашиш салоҳиятига таъсир кўрсатиши мумкин.