Сунъий йўлдош технологиялари ва сунъий интеллект БРИКСга аъзо мамлакатлар деҳқонларига қандай ёрдам бериши мумкин?
Экспертлар фикрича, сунъий йўлдош кузатувлари ва сунъий интеллектдан фойдаланиш БРИКСга аъзо мамлакатлар деҳқонларига муаммоларни ҳар томонлама кўриш ва оқибатларга шунчаки муносабат билдириш ўрнига, олдини олиш чораларини кўриш имконини беради.
Сунъий йўлдошлар, дронлар ва сунъий интеллект каби илғор технологиялар кун сайин қишлоқ хўжалиги соҳасига тобора кенгроқ кириб бормоқда. Парс Тудининг ТВ БРИКСга таяниб хабар беришича, кўплаб экспертлар сунъий йўлдош технологияларини ривожлантирмасдан, бугунги кунда илғор ва билимга асосланган қишлоқ хўжалигига ўтиш амалда имконсиз, деб ҳисоблайди.
Сунъий йўлдошлар экинларни мониторинг қилиш, тупроқ намлигини қайд этиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун мос бўлган фойдаланилмаётган ерларни аниқлашга ёрдам беради. Шунингдек, улардан олинган маълумотлар қурғоқчиликни прогноз қилиш ва қумликлар кенгайишининг олдини олиш учун ҳам қўлланилиши мумкин. Аммо масала бу билан чекланмайди.
Экспертларнинг таъкидлашича, ҳатто қишлоқ хўжалиги ерларининг энг аниқ сунъий йўлдош тасвирлари ҳам барча муаммоларга ечим бера олмайди. Ҳозирги вақтда жуда юқори аниқликдаги терабайтлаб сунъий йўлдош тасвирлари мавжуд бўлиб, бундай улкан ҳажмдаги маълумотларни қўлда қайта ишлаш амалда имконсиз. Ана шундай шароитда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш зарурати туғилади. Сунъий интеллект катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаши, аномалияларни аниқлаши ва энг муҳими, прогнозлар тақдим этиши мумкин.
Бундан ташқари, сунъий интеллект узоқ муддатли моделларни яратиш имкониятига эга. Бу имконият сунъий йўлдош тасвирлари билан биргаликда БРИКС мамлакатларига чўлланишга қарши курашишда ёрдам бериши ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун қулай шароит яратиши мумкин.