Тожикистон ва Россия армияси ҳамкорликдаги аксилтеррорчилик машғулотлари бошланди
Тожикистонда Россия армияси билан ҳамкорликдаги аксилтеррорчилик машғулотлари бошланди
Россиялик ҳарбий хизматчилар Тожикистон қуролли кучлари билан ҳамкорликдаги аксилтеррорчилик ўқув машғулотларида қатнашмоқда. Манёврлар 27 март, душанба куни Тожикистоннинг бешта полигонида бошланди. Бу ҳақда Тасним агентлиги хабар берди.
«27—30 март кунлари Россия ва Тожикистон мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик режасига асосан, бирлашган қўшинлар гуруҳини бошқариш бўйича биргаликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машғулоти ўтказилмоқда. Икки мамлакат ҳарбий хизматчилари шартли ноқонуний қуролли гуруҳлар билан курашиш бўйича ҳамкорликдаги операцияларни ўтказиб, режалаштириш, бошқариш ва қўшинларнинг ҳамкорликда ҳаракат қилишини машқ қилмоқда», — дейилади Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати хабарида.
Машғулотлар Тожикистоннинг Хатлон вилоятидаги «Ҳарбмайдон», «Момирак», «Московский» полигонларида, шунингдек, 201-ҳарбий базанинг «Ляур» ва «Самбули» полигонларида бўлиб ўтмоқда.