Қозоғистон президентининг қизи Бош вазир ўринбосари лавозимидан озод этилди
Қозоғистон президентининг қизи Дариға Назарбоева бош вазир Карим Масимовнинг истеъфосидан сўнг шакллантирилган янги ҳукумат таркибига кирмади
Қозоғистон президентининг қизи Дариға Назарбоева бош вазир Карим Масимовнинг истеъфосидан сўнг шакллантирилган янги ҳукумат таркибига кирмади. У бунгача Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. Бу ҳақда Исна агентлиги хабар берди.
Шу билан биргаликда, эски ҳукуматнинг аксарият аъзолари ўз лавозимларини сақлаб қолган. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоева мамлакат сенатининг депутати этиб тайинланди. Собиқ бош вазир — Карим Масимов Миллий хавфсизлик қўмитасига раҳбарлик қила бошлади. Мамлакат мудофаа вазири этиб Бош штаб бошлиғи, Қозоғистон Мудофаа вазири ўринбосари Сакен Жасузаков тайинланган. Бунгача шу лавозимда ишлаган Имангали Тасмагамбетов бош вазир ўринбосари сифатида иш бошлайди. Қозоғистон МСК раҳбари лавозимини собиқ Адлия ишлари вазири Берик Имашев эгаллаган.