Тожикистон Россия ТИВга норозилик нотасини топширди
Тожикистоннинг Россия ТИВга йўллаган нотасида қайд этилишича, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара масалаларини ҳал қилиш бўйича музокаралар жараёнига учинчи томоннинг жалб этилиши мақсадга мувофиқ эмас.
Душанбе Қирғизистон билан чегарадаги вазиятни барқарорлаштиришда Москванинг иштирок этишига қарши чиқиб, Россия ташқи ишлар вазирлигига нота йўллади. Бу ҳақда Кун.уз сайти Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Тожикистон ТИВ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг 26 май куни КХШТ ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида тожик-қирғиз чегарасидаги вазият борасида айтган фикрларига жавобан "бу масала ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида муҳокама мавзуси бўлмаган"лигини билдирди.
Қайд этилишича, Тожикистон ва Қирғизистон Республикалари ўртасидаги чегара масалаларини ҳал қилиш бўйича музокаралар жараёнига учинчи томоннинг жалб этилиши мақсадга мувофиқ эмас.
Нотада "давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш соҳасидаги фаолият КХШТга аъзо давлатларнинг ички иши эканлиги ва фақат икки томонлама асосда олиб борилиши" таъкидланган.
Лавров аввалроқ Тожикистон ва Қирғизистонни куч ишлатишдан тийилиш учун мулоқотга киришга чақирганди. У шунингдек, бу масалада воситачилик қилишга тайёрлигини айтганди.