Наманган шаҳрига кириш ва чиқиш тўхтатилди
(last modified Thu, 26 Mar 2020 03:33:42 GMT )
март 26, 2020 08:33 Asia/Tashkent
  •  Наманган шаҳрига кириш ва чиқиш тўхтатилди

Наманган вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши билан, 26 март куни соат 00:01дан бошлаб, Наманган шаҳрига вилоятнинг барча ҳудудларидан кириш ва Наманган шаҳридан республиканинг барча ҳудудларига, шу жумладан вилоят туманларига чиқиш ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) тўхтатилди. Бу ҳақда Kun.uz'га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

 Наманган шаҳрига кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, Наманган шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга Наманган шаҳрига кириш учун, вилоят туманларидан Наманган шаҳридаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган масъул ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.

  • Фармойишга асосан, карантин даврида тартиб-интизом ва амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича вилоят штаби тузилди.
  • Вилоят штабига тегишли бошқарма, идора ва ташкилотлар билан бирга Наманган шаҳрига кириш ва чиқиш жойларига вақтинчалик постларнинг фаолиятини ташкил қилиш ва назоратни янада кучайтириш;
  • шаҳар ҳудудига кириш ва чиқиш жойларини мутахассислар билан таъминлаш ҳамда тепловизорлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш; 
  • Наманган шаҳрига кириб келаётган ва чиқаётган ҳар қандай юк ташиш машиналари, ходимлар бошқарувидаги автомашиналарни мажбурий дезинфекция қилинишини таъминлаш;
  • шаҳар ҳудудига кириш ва чиқишга қўйилган чекловларга ҳамда аҳолининг карантин қоидаларига қатъий риоя этилишини ҳамда карантин қоидаларини бузган шахсларга ўз вақтида қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилишини таъминлаш;
  • табиий газ, ичимлик суви, электр энергияси, телефон алоқаси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли икки ой давомида ўчирилмаслигини таъминлаш вазифалари юклатилди.

Наманган шаҳридаги “Чорсу” ва “Яшил” деҳқон бозорлари ва озиқ-овқат дўконларига қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини, шунингдек, дорихоналарга дори-дармонлар ва антисептик воситаларни олиб кирилишида алоҳида махсус рухсатнома асосида, юк ташиш машинаси ва маҳсулотларни дезинфекция қилган ҳолда кириши таъминланади.

Аввалроқ коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида 22 мартдан Тошкентда жамоат транспортларига қўйилган вақтинчалик тақиқ 23 мартдан бошлаб қатор вилоятларда ҳам турли шаклларда амал қила бошлаши хабар қилинганди.