Эрон табиатининг жозибали манзаралари (16)
Ташкуҳ
Дунёнинг барча бурчакларида табиатнинг жозибали масканлари мавжуд. Кишини ажаблантирадиган бундай жойлар кўплаб қизиқувчан сайёҳларни ӯзига жалб қилади. Эрон табиатнинг дилкаш манзараларига бой бӯлган мамлакатлардан биридир. Томошабиннинг ақлини шошириб қӯядиган ана шундай масканлардан бири Хузистон вилоятидаги “Ташкуҳ” маскани ҳисобланади.
Юзлаб ранг-баранг оловни ўз ичига олган ва ҳар бир томошабиннинг кўзларини қамаштирадиган олов тоғи. Айниқса, кечаси уни томоша қилиш хотирангизда энг эсда қоларли тасвирлардан бирини яратиши мумкин. Агар ушбу ажабланарли тоғ ҳақида кӯпроқ билмоқчи бўлсангиз, бугунги дастуримизда бизга ҳамроҳлик қилинг.
"Ташкуҳ" ёки "Ўтли тоғ" Хузистон вилоятидаги Рамҳурмуз шаҳрининг шарқида жойлашган табиий диққатга сазовор ажойиб жойдир. Агар сиз Гунбад Ларан Рамҳурмуз қишлоғидан ўтсангиз, оловда ёнаётган тоғни, ёхуд йиллар давомида ўчирилмаган оловни кўрасиз.
Ташкуҳнинг тарихий шуҳрати кейинги йилларда бу минтақага кӯплаб сайёҳларнинг келишига сабаб бӯлди.
Шунингдек бу ажабтовур табиат ҳодисасига тадқиқотчи ва геологлар ҳам таважжуҳ билдирмоқда. Улар бу жозибали ва нодир ҳодисани яқиндан мушоҳада қилиш умидида минтақага ташриф буюришади.
Ана шундай оловли тоғлардан бири Озарбайжоннинг Баку шаҳри яқинида жойлашган бӯлиб, у дунёдаги энг сирли табиий обидалардан бири ҳисобланади.
“Таш” сӯзи Гунбад Ларан Рамҳурмуз қишлоғининг маҳаллий аҳолиси тилида “олов” маъносини англатади. Тоғ юзасидаги катта-кичик олов шуълалари тоғнинг Ташкуҳ деб номланишига сабаб бӯлган.
Ташкуҳ узоқ тарих давомида эронликлар орасида муқаддас ҳисобланар ва уни Ахур ишаник деб аташарди.
Заминшунос тадқиқотчиларнинг фикрича, тоғнинг доимий равишда ёниб туришига сабаб, унда олтингугуртнинг мавжудлиги ва тоғ қаъридаги газларнинг отилиб ташқарига чиқишидир. Ер қаъридаги газлар тоғнинг тирқишларидан юзага отилиб, оловланиб ёна бошлайди.
Ушбу сирли-синоатли минтақага йӯлингиз тушган пайти тоғнинг исталган жойида чуқурча қазиб кӯринг. Ташқарига чиқишга йӯл қидираётган газлар бу чуқурчадан отилиб чиқадида, тезда олов шуъласига айланади. Аммо бу ҳаяжонли тажрибани ӯтказиш пайти қӯлингизни куйдириб олмаслик учун эҳтиёт чораларига риоя қилинг.
Қизиғи шундаки, Ташкуҳ атрофида олов ёқиш имконсиздир. Зеро, ердан отилиб чиққан газлар ҳавога аралашиб, унинг таркибини ӯзгартиришган. Шу сабабли тоғ атрофида ӯт ёқишни уддалай олмайсиз.
Ташкуҳдан ташқари Умедия саноат шаҳарчасининг яқинида маҳаллий аҳоли Кӯҳи сухта (“Куйган тоғ) деб атайдиган жозибали тоғ ҳам мавжуд. Бу тоғдаги тош ва тупроқлар қатидан ҳам олов шуълалари чиқиб, осмонга қора тутун ӯрлайди. Ушбу тутун туфайли тоғнинг олов чашмалари узоқдан қора рангда товланади. Ер кӯчкиси натижасида тоғнинг чӯққисида пайдо бӯлган чуқур ӯра газнинг отилиб чиқиш даҳанаси бӯлиб, унда олов шуълалари ёниб туради.
Умедиядаги Куйган тоғ ҳам бебаҳо геотуризм обидаси бӯлиб, у нафақат тадқиқотчилар, балки табиат жозибаларининг шайдоси бӯлган кишиларни ҳам ӯзига чорлайди.
Ташкуҳ ва Куҳи сухта Ер қатламларини ӯрганувчи тадқиқотчилар учун ӯта аҳамиятли маскан ҳисобланади. Ташкуҳ бугунги кунда Хузистон вилоятининг ҳайратланарли туризм объектига айланган. Ташкуҳ манзаралари айниқса, тун маҳали янада жозибали бӯлади. Минтақага ташриф буюрган сайёҳлар тун пайтида Ташкуҳга бориб, унинг бетакрор манзараларидан завқланишади.
Табиатнинг бебаҳо обидаси бӯлган Ташкуҳ Эрон Ислом Жумҳуриятининг Миллий мероси руйхатига киритилган.