Чобаҳорнинг Марс тоғлари
(last modified Sun, 25 Oct 2020 10:51:32 GMT )
октябр 25, 2020 15:51 Asia/Tashkent
  • Чобаҳорнинг Марс тоғлари

Ушбу тоғлардаги тепаликлар шу қадар турфа хил шаклларга кирганким, гўё моҳир рассом анчадан буён ушбу ажойиботларни лойиҳалаштириб келаётгандек.

Эроннинг ягона океан порти мамлакат  жанубидаги Систон ва Балучистон вилоятининг Чобаҳор шаҳрида жойлашган. Макрон ва Уммон денгизининг қимматбаҳо соҳилларида жойлашган ушбу порт стратегик жойлашуви, Марказий Осиёнинг денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлари, яъни Афғонистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонга яқинлиги сабабли жаҳон савдосининг энг муҳим шимолий-жанубий коридорларидан бири ҳисобланади.

Тижоратга қулай мавқеидан  ташқари, Чобаҳор  кўплаб тарихий ва табиий диққатга сазовор жойларга эга бӯлиб, бу нодир  маконларнинг  ҳар бири  саёҳатчиларни ӯзига жалб қилади. Бу шаҳарнинг ажойиб жойларидан бири Чобаҳорнинг Марс тоғлари ҳисобланади. Бугунги дастуримизда бизга ҳамроҳлик қилсангиз, Чобаҳорнинг Марс тоғлари ҳақида ажойиб-ғаройиб маълумотларни билиб оласиз.

Чобаҳор шаҳридан 40-50 км узоқликда, Гвотир портига борадиган йўлда, пуштиранг Липор кўли, Уммон денгизи ва фавқулодда гўзал Гвотир кўрфазидан ўтадиган, эроннинг энг чиройли йўлларидан бири сифатида танилган йӯлдан юриб,   Марс тоғлари деб номланган энг ажойиб экотуризм ҳодисаларидан бирига етиб бориш мумкин. Бунда Марс тоғлари ва водийларини эслатувчи хилма-хил  шакллардаги тоғлар кӯз олдингизда жилваланади. Тоғларнинг барча шакллари табиий равишда яратилган ва уларда инсон фаолиятидан асар ҳам йўқ. Марс тоғлари жойлашган минтақада ўсимликлар кўп эмас, бу ҳодиса геологияда Бадбум ёки Бадланд деб номланади. Бадбум деб қуруқ , сувсиз ва ӯт-ӯлансиз,   қишлоқ хўжалиги учун унчалик  аҳамиятли бўлмаган ерларга айтилади. Ушбу минтақада  фақат фламинго,  чӯл бургути  каби қушларнинг мавжудлиги бу ерда ҳам ҳаётнинг давом этаётганидан далолат беради.
Чобаҳорнинг Марс тоғлари

Тахминан 5 миллион  йил илгари  эрозия туфайли пайдо бўлган ушбу миниатюр тоғлар   қумтош ва мергелдан иборат. Геологларнинг фикрига кўра, Чобаҳорнинг Марс тоғлари учинчи геологик даврга тегишли. Пастки ва қадимий қатламлар умуртқасизлар ва китлар  кўп  яшаган Ўрта Миосен даврига тегишли. Бу давр жуда муҳим, чунки Ҳимолой ва Ҳиндистон ярим ороли тоғлари шу вақтда вужудга келган. Аммо Марс тоғларининг янги қатламлари ернинг иқлими олдинги даврларга қараганда илиқроқ бўлган сўнгги Миосен ва Плиёцен даврларига тегишли.  Чобаҳорнинг Марс тоғлари кўп йиллар давомида Уммон денгизи сувлари остида бўлганлиги ва шу сабабли денгиз жониворларининг излари ҳанузгача улар устида кузатилаётганини билиш қизиқарлидир. Тоғларнинг сўнгги нуқтаси Тис қишлоғида тугайди. 2500 йиллик Тис ёки Тиз қишлоғи Эроннинг муҳим минтақаси ва савдо порти бўлиб, Александр Македонский  Эронга бостириб кирганида  уни вайрон қилган эди.

Чобаҳорнинг Тис қишлоғи

Ушбу тоғлардаги тепаликлар шу қадар турфа хил шаклларга кирганким, гўё моҳир рассом анчадан буён ушбу ажойиботларни лойиҳалаштириб келаётгандек. Тоғларнинг ранги ҳам ғайриоддий:  асосан оқ ва кулранг бўлиб, улар тунда ажойиб кўринишга эга. Бир томондан денгизнинг яшил ранги, соҳилнинг қизил қумлари ва бошқа томондан тоғларнинг оқлиги Эрон табиатининг муъжизавий панорамаларидан  бирини яратган. Ушбу ноёб ландшафтларнинг комбинацияси сабабли НАСА (Ақш космик агентлиги) Чобаҳорнинг Марс тоғларини Эроннинг космик туризм паркларидан бири деб атади.

Ушбу  тоғларнинг баландлиги 5 метрдан 100 метргача етади. Тоғларнинг турли хил қолдиқлари мавжудлиги бу тоғларга чиқишни қийинлаштиради. Баъзи қисмларда фақат тоққа чиқиш учун зарур жиҳозларга эга бўлган касбий  алпинистларгина  кўтарилишлари мумкин. Марс тоғларига ӯхшаш бу тоғларга кӯтарилиш  осон бўлмаслиги мумкин, аммо минтақадаги юлдузларни тунда кузатиш махсус тажриба ва воситаларни талаб қилмайди. Чобаҳорнинг Марс тоғларида ёруғлик ифлосланиши нуқтаи назаридан қулай вазият туфайли у ерда тунги юлдузларни томоша қилиш жуда осон ва шу билан бирга жуда жозибали ва эсда қоларлидир.  Шундай қилиб, агар сиз астрономияга қизиқсангиз, бу минтақа  орзуларингизни  амалга ошириш учун энг яхши жойлардан бири ҳисобланади.

Чобаҳорнинг  Марс тоғлари

Ушбу ҳудудга саёҳат қилувчиларнинг дам олиши ва тунаши учун Чобаҳорнинг Марс тоғлари этагида турли сайёҳлик лагерлари барпо этилган. Марс тоғлари орасида эса туристларга  намунали хизмат кӯрсатиш мақсадида 7 гектар ерга туризм мажмуаси бунёд этилган.

Ҳудуд атрофида сайёҳлар ҳам ташриф буюриши мумкин бўлган гўзал соҳиллар, пуштиранг кӯл ва 2500 йиллик Тис қишлоғи каби бошқа диққатга сазовор жойлар мавжуд.