Бел чашмаси
(last modified Thu, 17 Dec 2020 21:06:44 GMT )
декабр 18, 2020 02:06 Asia/Tashkent
  • Бел чашмаси

Эроннинг ғарбий қисмида, Курдистон тоғларининг этагида Ироқ билан чегарадош "Ораманат" деб номланган минтақа мавжуд. Ушбу тоғли минтақада чуқур даралар ва кўплаб булоқлар сувидан ташкил топган  дарёлар мавжуд.  Ана шу дарёлардан иккиси -- "Сирвон" ва "Лайла"  Эрон ва Ироқ чегаралари яқинидаги "Друлеҳ" номли нуқтада бирлашади.

Минтақадаги булоқлардан Сирвон дарёсига қуйиладиган энг серсув "Бел чашмаси"дир. Бу чашма  суви Сирвон дарёсига қуйилгунча босиб ӯтган масофада  дунёдаги энг қисқа дарёни яратган. Бу булоқ Эроннинг ажойиб диққатга сазовор жойларидан бири ҳисобланади. Бугунги дастурда ушбу ажойиб булоқ ҳақида кўпроқ маълумотга эга бӯламиз. Бизга ҳамроҳлик қилинг.

Бел чашмаси - Эроннинг ўзига хос диққатга сазовор жойларидан бири. У Курдистоннинг Ораманат минтақасида жойлашган. "Кони Бел" номи билан ҳам танилган бу булоқ Эрон ғарбий қисмидаги Кирманшоҳнинг Паваҳ ноҳиясидаги Нов ва Ҳажиж қишлоғи яқинидадир. "Тахт" тоғининг чӯққиларидаги қордан озиқланадиган бу булоқ  шарқираб оқади. Узунлиги 15 метрни ташкил қилган чашма ва ундан вужудга келган дарё  "Дунёдаги энг қисқа дарё" номи билан ҳам машҳур. Ушбу булоқ маҳаллий курд тилида Кони Бел деб аталади ва унинг номи Бел исмли қадимий Бобил сув худосидан олинган,  деган тахминлар ҳам мавжуд.

Тадқиқотчилар Бел чашмасининг ёшини тахминан 60 миллион йил деб баҳолашмоқда. Бел булоғи  Яқин Шарқдаги энг катта karst булоғидир. Karst карбонат тош массаларининг коррозия ва эриши ҳодисасини англатади. Ушбу булоқ суви дунёнинг энг тоза минерал сувларидан биридир; Айтишларича, бу булоққа сифат жиҳатидан ўхшаш сувлар  дунёнинг бир неча жойида  кузатилган. Тадқиқот натижаларига кўра Бел чашмасининг суви кимиёвий таркиби жиҳатидан энг муносиб ичимлик суви ҳисобланади.

Бел чашмаси

Бел  булоғининг оқими секундига 4000 литрни ташкил этади ва тахминан икки миллион  кишини ичимлик суви билан таъминлаши мумкин. Тоғ бағридаги ғорнинг оғзи каби ӯрадан фавворадек отилиб чиққан булоқнинг  суви  дарёга қуйилиш пайти шаршара ҳосил қилади. Тик қияликдан оқиб тушгач, Сирвон дарёсига қуйилади ва ниҳоят йӯлида давом этиб,  Ироқ мамлакатига ӯтиб кетади.

Бел булоғи ва шаршарасининг гўзаллигини минтақанинг жуда чиройли табиати тўлдириб туради. Сирвон дарёсининг қирғоқлари жуда чиройли бўлиб, унинг сувида турли балиқлар, соҳилларида эса хилма-хил қушлар макон тутган.  Шунингдек, бу ҳудудда бир илдизли сув ясмиғи, сув папоротниги ва ҳафтбанд ўти каби сув ўсимликлари, дон экинлари, эман, буймодарон, акация каби қуруқликда ӯсадиган ўсимликлар мавжуд. Кенг баргли эман дарахти ва ёввойи писта дарахтлари ҳам ушбу ҳудуднинг гўзаллигига файз қўшади. Ҳаворанг нилуфар  гуллари эса ӯз жилвалари билан томошабинларнинг ақл-ҳушини тасхир айлайди.  Ушбу ҳудуда доривор ўсимликлар ҳам жуда кӯпдир. Бел булоғи атрофида  ҳайвонларнинг бир неча турлари мавжуд. Улар орасида айниқса, Эрон олмахони ӯзининг тиниб-тинчимас ҳаракатлари билан  ўрмон сукунатида одамларга болалик эҳтиросларини эслатади.

Бел чашмасининг гўзал табиати

Ораман минтақаси учун Бел чашмаси маданий ва тарихий аҳамиятга эга. Ушбу булоқ Маданий мерос ташкилоти томонидан миллий ёдгорлик сифатида Эроннинг табиий мероси рўйхатига киритилган. Ораман минтақаси аҳолиси ҳам бу ажойиб чашмага катта аҳамият беришади. Оромий тилда ижод қиладиган  шоирлар ӯз шеърларида Бел чашмасини кўплаб тилга олишган. Унинг атрофидаги   қишлоқлар, худди чашманинг ўзи каби, жуда қадимий. Олимлар ушбу қишлоқларни милоддан аввалги асрларга ва Загрос тоғларидаги биринчи ориёий аҳоли пунктларига тегишли деб билишади. Ушбу минтақанинг қадимги тили, урф-одатлари ва маданияти унинг қадимий тарихи ва бой маданиятидан далолат беради.Бу қишлоқлар ўзига хос маданий хусусиятларга, анъанавий ва оммабоп меъморчиликка, дин, урф-одат ва маданиятни асрлар давомида сақлаб қолишга ҳаракат қилган диндор, меҳнатсевар ва меҳмондўст халққа эга.

Бел чашмасининг гўзал табиати

 Сеҳрли табиат, қадимий маданият ва маданий рамзлар, шу жумладан тил, қӯл ҳунармандчилиг и ва анъанавий меъморчиликнинг мавжудлиги бу минтақани сайёҳлар ва тадқиқотчилар учун қизиқарли жойлардан бирига айлантирган.

Ушбу ҳудудга ташриф буюриш учун энг яхши вақт  баҳорнинг охири ва ёз фаслидир.  Бу мавсумларда   ёқимли об-ҳаво  Бел чашмасини зиёрат қилиш ва ҳудуднинг табиий ва қадимий гўзалликларидан лаззатланиш завқини бир неча бараварга оширади.