Макрон европаликларни Америкага ишонишнинг оқибатлари ҳақида огоҳлантирди
"Европаликлар АҚШнинг Хитой билан рақобатлашиш учун танлаган янги стратегик йўналишларини сарҳисоб қилиб, соддаликдан воз кечиши керак", - дея сешанба куни Франсия президенти Эммануел Макрон АҚШга бўлган ишончнинг оқибатлари ҳақида огоҳлантирди.
"АҚШ ўз манфаатларини кўзламоқда, биз ҳам эса ўз манфаатларимизни кўзлашимиз керак. Европаликлар бундан сабоқ олишлари ва ўзларини ҳимоя қилиш учун масъулиятни ўз зиммаларига олишлари лозим", - деб аниқлик киритди Макрон.
Франсия президентининг Европа мамлакатларига АҚШга таянмаслик ва Вашингтон билан муносабатларда соддаликдан воз кечиш ҳақидаги жиддий огоҳлантиришини трансатлантик муносабатлардаги сўнгги ўзгаришлар нуқтаи назаридан таҳлил қилиш мумкин. Сўнгги ҳафталарда, европаликларга америкаликларнинг зотан ишончсиз ҳамкор эканлиги янада яққол кўриниб қолди. Шунинг учун бу мамлакатларнинг кўпчилиги АҚШдан узоқлашишга интилмоқда.
АҚШ Президенти Жо Байден Оқ уйни эгаллаганидан бери, ўз чиқишлари ва баёнотларида, Доналд Трамп маъмуриятининг сиёсати ва хатти-ҳаракатлари туфайли Атлантиканинг ҳар икки томонида муносабатлар ёмонлашиб бораётгани ва тафовутлар кучайиб бораётгани ҳақида бир неча бор гапирган. Президент бу борада Европа-Американинг яқинлашувини ваъда берган эди. Бироқ, энди бу сўзлар кўпроқ шиор бўлиб қолиши аниқ бўлиб қолди ва амалда Вашингтон Европа манфаатларидан қатъи назар, ўз сиёсати ва ҳаракатларининг чўққисида бир томонлама, ўз манфаатларини кўзлаган ёндашувни қўйишда давом этмоқда.
Бунга Байденнинг Афғонистон бўйича чиқишлари яққол мисол бўла олади. Европаликлар нуқтаи назаридан Афғонистон тажрибаси шуни кўрсатдики, бундан буён улар минтақавий ва халқаро масалаларда АҚШга эргашишда жуда эҳтиёт бўлишлари зарур.
Байден маъмурияти Ҳинд ва Тинч океани стратегик минтақасида иккита эски иттифоқчиси - Буюк Британия ва Австралия билан Агос номли янги иттифоқ тузилганлигини эълон қилиб, Европага иккинчи зарбани берди. Вашингтон нафақат Франсияни коалицияга қўшилишга таклиф қилмади, балки атом сув ости кемалари технологиясини Австралияга беришни қабул қилиб, 31 миллиард евролик шартнома бўйича Франсиядан Австралияга 12 та сув ости кемасини сотиш бўйича битимнинг йўққа чиқишига замин яратди. Бу Парижни ғазаблантирди ва франсуз юқори мартабали амалдорлари АҚШ ҳукуматига қарши энг қатъий позицияни эгаллади. Масалан, Франсия Ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан бу ҳаракатни Франсиянинг орқасидан ханжар санчиш, хиёнат ва Трампнинг ҳаракатларини такрорлаш деб таърифлади.
Франциянинг собиқ президенти Никола Саркоза, Франсиядан сув ости кемасини сотиб олиш тўғрисидаги битимнинг бекор қилиниши ва АҚШнинг Австралияга сув ости кемасини сотиши бўйича можарога ишора қилиб, шундай деди:
Қўшма Штатлар келишувни тузиш орқали ғалаба қозондим деб ҳисобламоқда, бироқ ушбу мамлакат узоқ муддат қаттиқ мағлубиятга учрайди.
Европаликларнинг, хусусан франсузларнинг такрорий норозилигига эътибор бермай, Қўшма Штатлар Парижни оғзаки равишда тинчлантирди. Франсияга компенсация тўлаш ёки Атлантиканинг ҳар икки тарафидаги таранглашган муносабатларни тиклаш учун ҳеч қандай самарали чоралар кўрмади. Шундай қилиб, ҳозир европаликлар ҳар қачонгидан ҳам Вашингтоннинг сўзлари ва ваъдалари бефойда эканлигини англаб, АҚШдан стратегик мухторият талаб қилмоқдалар. Шу муносабат билан, Европа Иттифоқи Европа армиясини тузиш, минтақавий ва халқаро масалаларда АҚШдан мустақил сиёсат юритиш масаласини кўриб чиқмоқда. Аммо Европанинг ўнлаб йиллар давомида АҚШга, айниқса, хавфсизлик ва ҳарбий жиҳатдан НАТОга суяниб қолгани учун алоқаларни узиш жуда қийин бўлади.