Эрон бўйлаб саёҳат (32)
https://parstoday.ir/uz/news/uncategorised-i70648-Эрон_бўйлаб_саёҳат_(32)
Ушбу дастурда Бандар Аббосга ташриф буюрдик ва сизни Эрон жанубидаги бу гўзал шаҳар билан таништирамиз.
(last modified 2022-12-11T07:16:27+00:00 )
март 29, 2022 16:35 Asia/Tashkent
  • Эрон бўйлаб саёҳат (32)

Ушбу дастурда Бандар Аббосга ташриф буюрдик ва сизни Эрон жанубидаги бу гўзал шаҳар билан таништирамиз.

Ассалому алайкум дўстлар, биз Кермон шаҳрига ташриф буюрганимиздан сўнг, бепоён Эрон заминининг жанубидаги меҳмондўст ва ажойиб шаҳар Бандар Аббосга борамиз.

Ҳормозган вилоятининг маркази Бандар Аббос Эроннинг энг йирик порти ва Эрон тарихидаги энг муҳим шаҳарлардан бири ҳисобланади. Бу шаҳарнинг Форс кўрфазига яқинлиги ҳамиша савдогарлар ва саёҳатчилар учун асосий йўналишларидан бири бўлиб келган ва уни тарих давомида машҳур қилган.

Шаҳид Ражаий порти ва Шаҳид Баҳонар порт мажмуаси Эрон иқтисодиётининг юк ташиш ва кўплаб йирик саноат заводларининг мавжудлиги учун таянч нуқтаси сифатида Бандар Аббосни Эрон ва минтақанинг савдо ва саноат соҳасида муҳим шаҳарга айлантирди. Бу ҳудудда аҳолининг асосий фаолияти балиқчилик, деҳқончилик ва савдодир.

Бандар Аббос ўзининг меҳрибон ва меҳмондўст халқи ва гўзал ва ажойиб ороллари билан унутилмас саёҳат учун яхши танловдир ва ўзига хос шароитлари туфайли, айниқса қиш ва баҳорда, у доимо Эроннинг турли бурчакларидан кўплаб меҳмонларни қабул қилади ва жанубдаги денгиз туризми марказларидан бирига айланган.

 

Бу шаҳарнинг иқлими иссиқ ва нам. Умуман олганда, Бандар Аббосда ноябр ойининг ўрталаридан апрел ойининг ўрталарига қадар ёқимли иқлим мавжуд. Бандар Аббосда ҳаво ҳарорати энг иссиқ кунларда 52 даражага, совуқ кунларда эса 2 даражага етади.

Бандар Аббос халқининг тили бандар тили бўлиб, у қадимги форс тилига хос хусусиятларни сақлаб қолган ҳолда форс тилининг шеваларидан бири ҳисобланади.

Бандар Аббосдан Теҳронгача бўлган масофа 1287 км, Кирмонгача бўлган масофа 491 км. Бандар Аббоснинг бир нечта исмлари бор эди ва унинг олдинги исмларидан бири Бандар Гамброн эди.

1622-йилда Эрон саркардаси Имом Қолихон бошчилигидаги Шоҳ Аббос қўшинлари жанубий Эронда португалларни мағлуб этишга муваффақ бўлди ва бу ғалаба шарафига Габрон порти Бандар Аббос деб номланди.

 

Шаҳарларнинг анъанавий ва замонавий бозорларини кўздан кечириш одатда сайёҳлик диққатга сазовор жойидир, чунки минтақанинг маҳаллий маданияти билан танишишдан ташқари, эсдалик совғаларини ҳам сотиб олиш имконияти мавжуд. Биз Бандар Аббоснинг анъанавий бозорига ҳам ташриф буюрамиз. Бу бозордаги ранглар ва анъанавий, қувноқ ва ранг-баранг либосларда саёҳат қилаётган аёлларни кўриш жуда ажойиб. Бу бозорда кашта тикилган глабтон, бўйра тўқиш, кашта, тикилган газламалар ва денгиз маҳсулотлари, турли маҳаллий таомлар каби ҳунармандчиликни учратиш мумкин. Анъанавий бозор яқинида жойлашган Бандар Аббос балиқ бозорига (мамлакатдаги энг йирик балиқ бозори) ташриф буюриш жуда қизиқарли тажриба. Бозордан бироз баландроқда мижозларга энг янги ва мазали балиқ ва қисқичбақалар тақдим этувчи ресторанларнинг мавжудлиги ушбу бозорга ташриф жозибасини янада оширди. Шаҳар марказида ҳам кўплаб замонавий савдо марказлари мавжуд ва уларда турли хил кийим-кечак, косметика ва маиший техникаларни топиш мумкин.

 

Савдо марказлари яқинида Бандар Аббоснинг тарихий обидаларидан бири Бутегоран ибодатхонаси ёки “Ҳиндулар ибодатхонаси” деб аталган жой эътиборимизни тортди. Аввалига ушбу тарихий обидага ташриф буюришни мақсадга мувофиқ деб билдик.

Бу ибодатхона биноси 1210 йилда (қамарий йил) Бандар Аббос ҳукмдори Муҳаммад Ҳасан Хон Саад ал-Мулк даврида ҳинд савдогарлари томонидан ҳиндларнинг совға-саломлари йиғилган жойдан қурилган. Ушбу бинонинг дизайни бутунлай ҳинд ибодатхоналари меъморчилигидан таъсирланган. Бу ибодатхона Бандар Аббоснинг бир неча тарихий диққатга сазовор жойларидан бири бўлиб, ҳар бир янги келганнинг эътиборини тортади.

Батогаран ибодатхонаси сифатида ҳам танилган ҳинд ибодатхонаси Носириддиншоҳ даврининг охирида қурилган ва Музаффариддин Шоҳ даврида фойдаланиш бошланган.

Ўтмишда Эрон ва Ҳиндистон ўртасидаги денгиз масофасининг нисбатан қисқалиги, моҳир Ҳормозгонлик денгизчиларнинг борлиги ва Эрон билан Ҳиндистон ўртасидаги савдо алоқалари бу икки давлат халқининг саёҳатига сабаб бўлган ва кўплаб ҳинд савдогарлари Бандар Аббосга келишган. Айтишларича, бу ибодатхона Эронга келган ҳинд савдогарларининг эҳтиёжларини қондириш учун бой ҳинд савдогарларидан бири томонидан қурилган. Бу ибодатхонани қуришда буддист ва ислом меъморчилиги элементларидан ҳам фойдаланилган бўлиб, унинг безаклари ва меъморчилигини кўриш одамларни Ҳиндистонга олиб боради.

Музейларга ташриф буюриш, одатда, ҳар қандай шаҳарнинг ўтмиш тарихи ва ушбу ҳудуднинг архитектураси ва маданияти билан танишиш учун қимматли диққатга сазовор жойларидан биридир. Сув музейи ва Форс кўрфази антропология ҳам музейи бундан мустасно эмас. Форс кўрфази музейи биноси Эрон жануби меъморчилигини таништиришда нодир ва қимматли намунадир.

 

Ушбу тош бино ҳудуднинг архитектурасини кўриб чиқиш ва уни яқин ўтмиш билан таққослаш учун эталон ҳисобланади. Музей уч қаватдан иборат бўлиб, 2400 квадрат метр майдонни эгаллайди. Биринчи қаватда жамоат архитектураси, хизмат кўрсатиш, ихтисослаштирилган кутубхона ва кўргазма учун жой мавжуд. Иккинчи қават антропология бўлимига тегишли бўлиб, у анъанавий бозор галереяси, Ҳормоз қалъасини озод қилиш ва балиқ овини ўз ичига олади. Бандар Аббос антропология музейи 2500 та тарихий обидалар, антропологик бўлимлар ва ўтмишдан ҳозирги кунгача ушбу минтақанинг маҳаллий турмуш тарзи билан таништирувчи хазинадир. Бу музейнинг барча қисмлари Эрон жануби меъморчилигига тўлиқ мос келади ва Бандар Аббос халқи маданиятининг кичик намунасидир. Музейнинг учинчи қавати Ҳормозган вилоятининг маданий ва тарихий бойлиги туфайли археологик бўлимларни ўз ичига олади. Музей биносининг ўртасига нисбатан катта қайиқ ўрнатилган бўлиб, у музейга ўзгача таассурот бахш этган ва унинг елкан баландлиги учинчи қаватдаги ёруғликка етиб боради.

Ўтмишда Эроннинг ҳар бир шаҳарида сув олишнинг турли усуллари бўлган ва шунинг учун сув музейларини ташкил этиш имконияти мавжуд.   

 Сафавийлар даврига оид Бандар Аббос сув музейи 210 квадрат метр инфратузилмага эга иккита думалоқ ва узун ҳовузлардан иборат бўлиб, у объектлар ва фото стендларни, шунингдек, 1580 квадрат метр майдон буюмларнк кўрсатиш учун мўлжалланган. Унда турли хилдаги кўзалар, "Кроуш" деб номланган сув кўзаларининг турлари, тош кўзалар (Моо) ва сув идишлари тасвирлари намойиш этилган. Умуман олганда, ушбу музей тарихий обидалар ва сув билан боғлиқ бинолар билан танишиш, шунингдек, одамларнинг сув қудуқлари ва сув ўтказгичларини қазишга ҳаракат қилишлари учун фойдалидир.

 

Азизлар, кейинги дастуримизда Бандар Аббос ва унинг табиий ва тарихий диққатга сазовор жойлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўламиз.

 

Эрон бўйлаб саёҳат (31)