Тошкентда ШҲТ давлатларининг терроризмга қарши кураш бўйича йиғилиши бўлиб ўтди
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгашининг (ШҲТ МАТТК) ўттизинчи мажлиси Тошкентда 30 март куни бўлиб ўтди.
Кун. ўз сайтига кўра, йиғилишда Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва ШҲТ МАТТК Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда ШҲТ иштирокчи давлатлари раҳбарлари Кенгашига тақдим этиладиган ШҲТ МАТТКнинг 2016 йилдаги фаолияти бўйича ҳисобот қабул қилинди.
Улар шунингдек МАТТКнинг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши ШҲТ мамлакатларининг 2016-2018 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурининг жорий йилдаги ижросини кўриб чиқишди.
ШҲТ мамлакатлари вакиллари экстремизмга қарши кураш бўйича ШҲТ Конвенцияси лойиҳасини маъқуллашди.
ШҲТ давлатлари диний экстремистик ҳаракатларнинг зарарли фаолиятидан келувчи таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича ваколатли органларнинг қўшма ҳаракатлари ҳақида келишиб олдилар.
Йиғилишда иштирокчилар ўтган давр мобайнидаги ШҲТ МАТТК Ижроия қўмитаси фаолиятига ижобий баҳо беришди.
Кенгаш шунингдек ташкилий-кадр, ШҲТ МАТТК Ижроия қўмитаси фаолиятини таъминлаш ва ШҲТ аъзо давлатларининг терроризм, сепаратизм ва экстремизм билан ҳамкорлиги ҳуқуқий асосини янада ташкил этиш ҳақидаги масалалар бўйича қатор қарорларни қабул қилди.
ШҲТ МАТТК Кенгашининг навбатдаги йиғилишини 2017 йилнинг сентябрида Хитой ҳудудида ўтказиш ҳақида келишувга эришилди.