Тошкент шаҳрида МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
МДҲ ТИВК йиғилиши якунланди. Унда диний конфессиялар бўйича баёнот қабул қилинди
6-7 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилиш қатнашчиларини Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов қарши олди.
Йиғилишга Россия томони раислик қилди. Россия томонидан мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирок этди.
Унда шунингдек, Арманистон ташқи ишлар вазири Эдвард Налбандян, Беларусь ташқи ишлар вазири Владимир Макей, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Кайрат Абдрахманов, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сироджидин Аслов қатнашди.
Молдова томонидан мамлакат ташқи ишлар ва Европа билан интеграция вазири ўринбосари Лилиан Дарий, Озарбойжондан ташқи ишлар вазири ўринбосари Халаф Халафов, Туркманистондан ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хаджиев ва МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби Сергей Лебедев иштирок этишди.
Делегациялар раҳбарлари ташкилот фаолиятининг турли йўналишларидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, халқаро ва минтақавий масалалардаги унинг роли ва ўрнини кўтаришни муҳокама қилдилар.
Кун тартибига кўра МДҲ иштирокчи давлатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан 15та ҳужжат кўриб чиқилди. Улардан 9таси Ҳамдўстликнинг Давлат раҳбарлари кенгаши ва май ойида бўлиб ўтадиган Ҳукумат раҳбарлари кенгашига муҳокама учун киритилади.
Христиан, мусулмон ва бошқа конфессия вакилларига нисбатан муросасизлик қилиш, уларни камситиш, куч ишлатиш ҳамда террорчилик ҳаракатларининг барча кўринишлари қатъий қораланади. Томонлар халқаро ҳамжамиятнинг мазкур йўналишдаги позицияларини бирлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни янада олға суриш мақсадини билдиришди.
МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2017 йилнинг 10 октябрь куни Москва шаҳрида бўлиб ўтади.