Шавкат Мирзиёев ЭКСПО-2017 халқаро кўргазмаси очилиш маросимида иштирок этди
Шавкат Мирзиёев 9 июнь куни Остона шаҳридаги ЭКСПО-2017 халқаро кўргазмаси очилиш маросимида иштирок этди.
Кун.ўз сайтига кўра, кўргазмада Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Хитой, Германия, Буюк Британия, Франция, Япония, Жанубий Корея, Туркия, Ҳиндистон, Вьетнам, Арманистон, Покистон, Озарбайжон, Беларусь, Куба, Туркманистон, Руминия, Бразилия сингари 120 дан зиёд давлат ўзининг технологик, илмий, маданий ютуқларини намойиш этмоқда.
Кўргазмада Ўзбекистон фаол иштирок этаётгангани экспертлар томонидан эътироф этилмоқда. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг намойиши учун икки қаватли бино ажратилган.
Ўзбекистон павильонининг биринчи қавати 630 квадрат метр майдонни эгаллаган бўлиб, унда қуёш, шамол ва сув энергияси маҳсулотлари, қуёш энергияси стендида 2030 йилда автомобилларни қуёш нури ёрдамида қандай қувватлантириш мумкинлиги амалда намойиш этилмоқда ва бу кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Павильоннинг иккинчи қаватида мамлакатимизнинг транспорт ва логистика, туризм соҳалари ҳамда озиқ-овқат, вино ва шарбат тайёрлаш саноатида эришилган ютуқлар, ўзбек миллий таомлари намойиш этилмоқда.