Ўзбекистон тизимидаги ислоҳотлар ва ўзгаришлар
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i27395-Ўзбекистон_тизимидаги_ислоҳотлар_ва_ўзгаришлар
 Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятини ислоҳ қилиш вақти келгани ҳақида гапирди
(last modified 2018-10-15T16:10:25+00:00 )
декабр 26, 2017 12:25 Asia/Tashkent

 Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятини ислоҳ қилиш вақти келгани ҳақида гапирди

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

     Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

      Бугунги  суҳбатимиз “Ўзбекистон тизимидаги ислоҳотлар ва ўзгаришлар”га доир мавзуга бағишланади.      

      Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

     Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятини ислоҳ қилиш вақти келгани ҳақида гапирди. Ўзбекистон президенти Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномасига бағишланган анжуманда шу соҳага ҳам тўхталди.  «Шу тизим ичида ўзим ҳам ўсганман. Миллий хавфсизлик хизмати 26 йил аввал ҳукумат тасдиқлаган низом асосида ишлаб келмоқда. Ҳар қандай оддий ҳаракат ҳам Миллий хавфсизлик хизматига қарши деб баҳолаб келинган. Ҳар қандай оддий масала ҳам миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб келингани ушбу идора ваколатларининг асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлган. Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятини ислоҳ қилиш вақти келди. Шу сабабдан Миллий хавфсизлик хизмати фаолияти тўғрисида қонунни ишлаб чиқиш вақти келди», деди президент.

     Президент дунёнинг баъзи минтақаларида юзага келган нотинч вазият аҳоли миграцияси кучайишига, бу эса, ўз навбатида, терроризм ва экстремизм тарқалишига ҳамда бу иллатлар глобал муаммолардан бирига айланишига олиб келаётганини қайд этиб ўтди. Бундай вазиятда миллий давлатчилик, мустақиллик, аҳолининг тинч ва осойишта ҳаёти ва хавфсизлигини сақлаш биз учун энг устувор вазифага айланиб бормоқда. Айнан шу нуқтаи назардан ва глобаллашув даврининг барча таҳдидларини инобатга олган ҳолда Миллий хавфсизлик хизмати идоралари фаолиятини ҳам ислоҳ қилиш вақти келди. Давлат раҳбари шу муносабат билан «Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида»ги ва «Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф этди. Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг таъкидлашича, ҳозирги вақтда вилоятлар ўртасида йўл-патруль постларининг эскича жойлашуви ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб, савдо-иқтисодий муносабатлар, ички ва ташқи туризм ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда ва қийинчиликлар туғдирмоқда. Шундан келиб чиқиб вилоятлар чегарасидаги барча йўл-патруль постларини тугатиш лозимлигини ҳам айтиб ўтди. Бугунги кунда мамлакат ҳудудида 60 дан зиёд бундай постлар мавжуд. Шу муносабат билан вилоятлар чегарасидаги барча йўл-патруль постларини тугатиш, патруль хизмати стационар постлари сонини кескин камайтириш лозим деб таъкидлаб ўтди.

      Ўзбекистон Президенти коррупция даражасини пасайтириш учун йўл-патруль хизматининг барча ходимлари ички видеокамералар билан таъминланишини маълум қилди. «Агар йўл-патруль хизмати ходимида камера бўлмаса, тўхтатишга ҳаққи бўлмайди. Тўхтатса, ёқилган камера билан гаплашсин, шунда барчаси ҳисобга олинади. Акс ҳолда ходимнинг ўзини жиноий жавобгарликка тортилади. Барча коррупциявий ҳолатлар суҳбат чоғи рўй беради». Давлат етакчисига кўра, ривожланган давлатларда кенг қўлланадиган бундай камералар Ўзбекистон томонидан сотиб олинмоқда ва келгуси йил февраль ойидан берилиши бошланади.

      Энди Йўл-патрул хизмати ходими тўхтатади, камера билан гаплашади, бўйнига кичкина камера осиб қўяди, бу тамагирлик, мансабини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олади. Шунингдек, Ўзбекистон президенти суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятига ҳам танқидий баҳо бериб ўтган. "Судлар ҳали-ҳамон адолат қарор топадиган масканга айланмади. Халқ судлардан норози. Бу соҳадаги ислоҳотларни қатъий ва изчил давом эттирамиз. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга халқнинг ўзи баҳо беради. Уларга бўладиган қатъий талаб халқнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдир деб қайд этди. Бундан ташқари Ўзбекистон президенти ўз Мурожаатномасида энг оғир муаммолардан бири давлатнинг функция ва ваколатлари ҳаддан ташқари марказлашиб кетганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Масалан, ҳозирги вақтда 64 та лицензия тури мавжуд бўлса, шундан 21 таси Вазирлар Маҳкамаси ва 40 таси марказий идоралар томонидан берилади. Бу лицензияларнинг учтаси вилоят ҳокимликлари ва фақатгина биттаси туман ҳокимликлари ваколатига тегишлидир.

     Шундан келиб чиқиб, Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувини ҳаддан ташқари марказлаштиришдан воз кечиш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун кўпгина ваколатларни марказий давлат органларидан ҳудудий органларга ўтказиш кераклигини билдирди. 23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ходимлари ёппасига ишдан бўшатилди. Вазирликда камида 50 киши ишдан бўшатилган. Ишдан бўшатилганлар орасида бошқарма бошлиқлари ва ўринбосарлари ҳам бор. Ушбу оммавий равишда ишдан бўшатишлар Молия вазирлигидаги камчиликлар, бюджет халқчил қилинмагани ва йил давомидаги бошқа кўплаб муаммолар сабаб бўлгани ҳақида Ўзбекистон президенти томонидан кескин танқид қилингани сабаб бўлди. Ўзбекистон Президенти молия вазирига вазирликни тозалашга 10 кун муҳлат берган эди. Акс ҳолда молия вазирининг ўзи ҳам ишдан кетиши ҳақида огоҳлантирганди. 

       Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.

      Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.