Ўзбекистоннинг 5 шаҳрида иситиш тизими модернизация қилинади
Жаҳон банки директорлар кенгаши «Энергия самарадорлик ва марказлаштирилган иссиқлик таъминоти модернизацияси» лойиҳасини молиялаштиришни маъқуллади. Унинг қиймати 140 млн доллар бўлиб, Ўзбекистоннинг беш шаҳрида амалга оширилмоқда.
Кун.уз сайтига кўра, Жаҳон банкининг Тошкентдаги ваколатхонасидан хабар беришларича, лойиҳа марказлаштирилган иситиш замонавий моделини жорий этиш орқали иссиқлик таъминоти соҳасидаги муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган бўлиб, илк марта Ўзбекистонда фойдаланилади. Андижон, Бухоро, Чирчиқ, Самарқанд ва Тошкентдаги (Сергели тумани) кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи 240 мингдан ортиқ аҳоли учун иситиш ва иссиқ сув таъминоти хизмати яхшиланади. Улар иссиқлик таъминоти тизимига уланган ёки уланиши режалаштирилган.
Лойиҳа марказлаштирилган иссиқлик таъминоти инфратузилмаси модернизациясига маблағ ажратиш, унинг салоҳиятини кенгайтириш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий базани яхшилашни назарда тутади. Бу юқорида кўрсатилган шаҳарларда сектор корхоналари ишини янада самарали ва барқарорлаштириш учун керак.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида электр энергиясидан фойдаланилган иситиш тизимидан марказлаштирилган иссиқлик таъминотига ўтиш кутилмоқда. Бу электр тармоқларидаги ортиқ юкламалар муаммосини ҳал қилади, техник йўқотишлар, авариялар сони ва электр энергиясидаги узилишларни қисқартиради.
Кутилишича, сектор модернизацияси ҳисобидан электр энергияси ва табиий газ истеъмоли камаяди, бу ҳавонинг ифлосланиш даражасини пасайтиради.