Ўзбекистон-Тожикистон чегараси 2019 йили Каримовнинг миналаридан тозаланади
(last modified Sun, 11 Mar 2018 18:05:30 GMT )
март 11, 2018 23:05 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон-Тожикистон чегараси 2019 йили Каримовнинг миналаридан тозаланади

Бу ҳақда подробно.уз сайти икки давлат Президентларининг қўшма баёнотидан келиб чиқиб хабар бермоқда. Ундан маълум бўлишича, кўплаб одамларнинг ўлимига ва ногирон бўлиб қолишига сабаб бўлган миналар 2019 йилнинг охирига қадар олиб ташланади.

"Президентлар икки мамлакатнинг чегараолди ҳудудларида муҳандислик тўсиқлари участкаларини зарарсизлантириш масаласи бўйича Ўзбекистон-Тожикистон қўшма ишчи гуруҳи тузлишини мамнуният билан эътироф этдилар ва мазкур ишларни 2018-2019 йилларда якунлаш лозимлигини қайд етдилар", дейилади қўшма баёнотда.

Чегарадаги миналарни олиб ташлаш масаласи 12 январда Душанбега сафар қилган Бош вазир Абдулла Арипов ва Президент Имомали Раҳмон ўртасида ҳам кўтарилганди.

Ўзбекистон ўз ҳудудини террорчилар суқулиб киришидан ҳимоя қилиш ва ноқонуний наркотик моддалар йўлини тўсиш учун чегараларни миналаштирганидан кейин 200 нафарга яқин Тожикистон фуқароси минадан жабрланди.

 Минадан жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.

Тожикистон мина маркази берган маълумотларга қараганда жабрланганлардан деярли ярми ҳалок бўлган. Ўнлаб кишилар оёк ё қўлидан ажралган, бир умрга ногирон бўлиб қолишган.

1999 йилда Қирғизистоннинг Боткен вилояти орқали Фарғона вилоятига ўзларини Исломий кучлар деб атаган қуроллилар сизиб киришга уринган пайтида Ўзбекистон қўшни Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларини миналаштирганди.

Лекин, кузатувчиларнинг таҳлилларига кўра, шу пайтгача бирон-бир қуролли жангари ё бангивор модда ташувчи минага дуч келиб жабрланмаган.

Даҳшатли воқеани унутиш қийин

Исфара туманининг Ўзбекистон билан чегарадош Лаккон қишлоғида яшайдиган Савринисо Исоқованинг икки ўғли иморат учун тош теришга бориб, минага дуч келиб яраланган.

"Ҳалигача иккови ўғлимнинг танасида мина парчалари бор. Ғолибжоним бир кўзидан айрилди. Яқинда у ўғлини уйлантирди. Бир томондан унинг тирик қолганига шукр қиламан. Лекин барибир орадан ўн беш йил ўтган бўлса-да, ўша даҳшатли воқеани унута олмайман", - дейди Савринисо Исоқова.

Савринисонинг ҳамқишлоғи Ижозатхон Мамажонова мина портлаши туфайли навқирон ўғлидан ажралган. Унинг ўғли ўртоқлари билан тоққа каптар тутишга бориб, минага дуч келган.

"Мен Ўзбекистоннинг Яйпанидан келин бўлиб тушганман. Ўғлимнинг маъракасига қариндошларим кела олишмади. Бир аламимга юз алам қўшилди. Шундай қир ошсанг, Шўрсувга, Яйпанга борасан. Наҳотки, аллақандай визани беришмаса, қадрдонларим менинг оғир кунимга кела олишмаса? Мен жигарларимни соғинганимда, кўзу қошдек Ўзбекистонга бора олмасам?", - дейди Ижозатхон.

Каримовни лаънатлаб ўтган аёл

Лакконликларнинг айтишларича, қишлоқларига қўшни Ўзбекистондан камида 70 нафар келин тушган. Биҳожал опа улардан бири эди. Унинг ўғли - қирқ ёшли Ҳотамжон Юсупов ўтин териш учун тоққа борганда, минада портлаб ҳалок бўлади.

"Аям Риштондан бўладилар. Ҳотамжон ҳалок бўлишидан олдин юз берган мина портлашларида ҳалок бўлган ёки яраланган одамларнинг айрим қариндошлари аямга "болаларимиз сенинг ҳамшаҳринг қўйган минада портлашди", деб очиқдан-очиқ таъна қилишганда, аям хўрсиниб йиғлардилар. Мен таъна қилган одамларнинг жаҳл устида оғизларига келганини қайтармаганликларини, лекин кейинчалик пушаймон бўлганликларини биламан. Аям бу таъналарга чидай олмаганликлари учун эмас, гуноҳсиз одамларнинг ҳалок бўлганликларига ачиниб, Каримовни лаънатлардилар.

Бу гапларни айтар экан Буҳожал опанинг ўғли бир нуқтага тикилганча жим қолади. Бирпасдан сўнг оҳ тортиб сўзида давом этади:.

"Укам минада портлаб жон бергандан кейин аям ўлганларича Каримовни қарғаб ўтдилар".

Огоҳлантириш белгилари қўйилса ҳам

"Мен ўша даҳшатли воқеани эслашни хоҳламайман", - дейди Исфаранинг Қизилпилол қишлоғида яшайдиган Муҳибахон Ҳожиева.

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасига қўйилган миналар ҳақида айнан Муҳибахон ва дугоналари билан тоққа ўтин теришга бориб, фалокатга йўлиққанларидан кейин маълум бўла бошлади. Қулоқни қоматга келтирган портлаш туфайли ўзини йўқотган Мужибахон тўққиз яшар қизчасининг қонга беланиб ётганини кўриб, уни бағрига босганча пастга югуради. У беморхонада ҳушига келганидан кейингина катта қизи Гулпари, қўшни аёллар ва яна бир қизалоқнинг ҳалок бўлганиини эшитади.

Икки аёл ва икки қизалоқ ҳалок бўлган, икки киши яраланган - одам ҳалокатига олиб келган дастлабки мина портлаши 2000 йил августида юз берган эди.

Исфарадан кейин Суғд вилоятининг бошқа туманларида - Панжакент ва Конибодомда, Ашт ва Шаҳристонда бирин-кетин мина портлашлари юз бераверади, ҳеч нарсадан хабарсиз, тирикчилик билан овора одамлар минага дуч келиб ҳалок бўлаверадилар ё яраланаверадилар.

Ашт туманида яшайдиган 7 киши ўзбек-тожик чегарасига яқин ерда қўй-мол боқиб юрганида минага дуч келади. Қаттиқ портлаш натижасида 19 ёшли Мансур Бўриалиев ва 22 ёшли Ўролбой Жўлбеков ҳалок бўлади. Қолган беш киши яраланиб, беморхонага ётқизилади.

Бу фожиа одам ҳалокатига олиб келган дастлабки мина портлашидан сўнг орадан деярли беш йил ўтиб, юз беради. Бунгача чегараолди қишлоқларида одамлар орасида минадан огоҳлантириш ишлари олиб борилади. Мина қўйилгани борасида огоҳлантириш белгилари ўрнатилади. Бу ишга Бирлашган Миллатлар ташкилоти бош қўшади. Лекин йиллар давомида мина нималигини билмаган одамлар ўз еримизда юрибмиз-ку, деб чегарага яқин бориб қолганини билишмайди ва мина портлашлари юз бераверади.

Ўзбек тарафи миналаштириш фақат ўз ҳудудида амалга оширилганини айтиб келади. Тожик томони эса, икки мамлакатнинг туташ ерлари кимга тегишли эканлиги аниқланиб, белгиланмаган экан, ўртадаги чегарани миналаштириш тўғри эмаслигини таъкидлаб келади.

Ниҳоят, Ўзбекистон ҳукумати ўзбек-тожик ва ўзбек-қиргиз чегараларини минадан тозалашга киришилиши ҳақида билдирди. Лекин бунинг учун катта маблағ зарурлиги айтилиб, хорижий мамлакатлардан иқтисодий кўмак сўралган. Кўмак берадиганлар топилгунча орадан яна ўн йил ўтиб кетди.

"Демак, маблағ топилибди. Биз бу хабардан ниҳоятда хурсанд бўлдик. Гарчи укамни бой берган бўлсак ҳам, аям фарзанд доғида дунёдан ўтган бўлсалар-да, қўшнилар билан олдингидек бемалол борди-келди қилишимиз мумкинлигидан, ҳеч ким чўчимасдан тоғ томон бора олишидан хурсандмиз. Раҳматли укам - Ҳотамжон икки қизини Ўзбекистонга узатган. Энди жиянларим, аямларнинг қариндошлари билан борди-келди қила олишимизга умид қилиб ўтирибмиз. Ҳадемай чегаралар очилади, дейишяпти-ку", - дейди Ҳотамжон Юсуповнинг акаси.

Дилдаги доғ битармикан?

"Қишлоқда ҳозирги асосий мавзу тоғларни минадан тозалаш ва виза йўқ қилиниши бўп қолган. Майли, бизга бир қадам Шўрсув чегара-назорат ўтиш жойи очилмаса ҳам, Патар-Андархон очилса, йўлимиз Яйпан томонга ўтищ учун камида 300 чақиримга яқин бўларди", - дейди Савринисо Исоқова.

Бунгача эса, исфараликлар Ойбек назорат-ўтказиш пунктидан ўтиб, Қамчиқ довони ошиб, Фарғонага бориб-келишга мажбурдирлар.

"Қишлоқдан ҳозир ҳеч ким тоғ томонга бормайди. Ҳамма қўрқиб қолган. Миналар тозаланади, дейишяпти. Лекин болаларимнинг жароҳати , фарзандлари минада портлаб ҳалок бўлган оналар дилидаги доғ битармикан", - дейди кейин ўйланганича Савринисо.

 

                                                                                                                                                                                      BBC UZBEK