Шавкат Мирзиёев Евроосиё олдидаги хизматлари учун мукофотига лойиқ кўрилди
Туркия пойтахтида ишбилармон кишиларнинг “EcoAvrasya” жамоатчилик бирлашмаси томонидан таъсис этилган “Евроосиё олдидаги хизматлари учун” юксак мукофотининг дастлабки лауреатларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб ёзмоқда “Халқ сўзи”.
Тантанали тарзда ташкил этилган маросимда ушбу давлат президенти Р. Эрдўғаннинг мафкура бўйича маслаҳатчиси Ёлчин Топчи, фан, саноат ва технологиялар вазири Фарук Озли, Туркия парламенти аъзолари, хорижий давлатлар, Анқарада аккредитациядан ўтказилган дипломатик миссиялар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Тадбирга “EcoAvrasya” раиси Ҳикмет Эрен модераторлик қилди.
Х. Эрен ўз нутқида қайд этиб ўтганидек, мазкур бирлашма 2012 йилдан буён “Турк халқлари олдидаги хизматлари учун” танловини ўтказиб келади. Унда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшган таниқли сиёсатчилар ва иқтисодиёт арбоблари мукофотланиб келинади.
“Евроосиё олдидаги хизматлари учун” танлови эса илк бор таъсис этилди. Мазкур юксак мукофот тақдим этилиши Евроосиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро фойдали муносабатларни равнақ топтиришга сезиларли ҳисса қўшган шахслар ва институтларга кўрсатилган катта ҳурмат ҳамда эҳтиром намунаси ҳисобланади.
“EcoAvrasya” уюшмаси бошқаруви кенгаши “Евроосиё олдидаги хизматлари учун” танловининг асосий номинацияси ғолиблиги учун турли номзодларни ўрганиб чиқди ва уни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга беришга қарор қилди. Юксак мукофот давлат раҳбари томонидан мамлакатда амалга оширилаётган ва нафақат республика, балки минтақани кенг ўзгартираётган, материкда иқтисодий алоқаларни фаоллаштиришнинг асосий омилига айланган чуқур ҳамда жадал ислоҳотлар учун берилди.