Ўзбекистон ва Қирғизистон Мудофаа вазирликлари ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолади
ТОШКЕНТ, 12 июн — Sputnik. Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов Қирғизистон Республикаси қуролли кучлари бош штаби бошлиғи генерал-майор Райимберди Дуйшенбиев бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги матбуот-хизмати.
Учрашув давомида мудофаа соҳасида ўзбек-қирғиз ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва ривожланишистиқболлари, шунингдек ҳарбий йўналишда ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Томонларнинг диққат марказида Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш долзарб вазифа экани таъкидланди.
Мудофаа вазири Азизов 2017 йил сентябрь ва декабрь ойларида Қирғизистон Республикаси президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифлари икки мамлакат ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим воқеа бўлиб қолганини айтиб ўтди.
Учрашув давомида икки мамлакат мудофаа вазирликлари ўртасида мудофаа соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган 2018 йилга ҳамкорлик режаси имзоланди.