Гулнора иши: Швейцария терговни тугатмасидан нега пуллар Тошкентга қайтариляпти?
Швейцария бош прокуратураси Гулнора Каримовага боғлиқ жиноий иш тергови ҳали ҳам давом этаётганини билдирди.
Бу ҳақида ёзган подробно.уз сайтига кўра, Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги ҳам тергов давом этаётганини тасдиқлаган.
Аммо, шунга қарамай, Швейцария Гулнора Каримованики дея музлатилган 810 миллион долларни Ўзбекистонга қайтаришга рози бўлган.
Швейцария ҳукумати фикрида, музлатилган пулларнинг асл эгаси Ўзбекистон давлатидир.
Тергов ҳали давом этаётган бўлса, нега пуллар Ўзбекистонга қайтарилгани борасида Швейцария ҳукумати ва прокуратура бирон изоҳ бермади.
Агентликнинг ёзишича, Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам пулларни мамлакатга қайтариш бўйича иш олиб борилаётганини илк марта тасдиқлади.
"Бу масала ҳозирда Швейцариянинг прокуратура идоралари билан ҳамкорликда ҳал қилинмоқда. У буткул ҳал бўлиши биланоқ, биз албатта расмий баёнот чиқарамиз", - деб айтган Бош прокуратура матбуот котиби Сурайе Раҳмонова.
Гулнора Каримованинг айбловлари бўйича Бош прокуратура илк марта бир йил аввал ўз сайтида баёнот чоп қилганди.
Бу баёнотга кўра, Каримова солиқдан бўйин товлаш, ўғрилик, тамагирлик ва офшор компанияларнинг ҳужжатларини йўқ қилишда айбдор топилиб, 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Кейинроқ Ўзбекистонда Гулнора Каримовага қарши янги жиноий иш очилди. У фирибгарлик, хорижий валютани яшириш, божхона қонунларини бузиш ва жиноий йўллар билан қўлга киритилган даромадни қонунийлаштиришда айбланди.
Расмий маълумотга кўра, мазкур икки жиноий бўйича давлат ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарар - 1,27 триллион сўм, 1,6 миллиард доллар ва 26,1 миллион евро.
Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов Би-би-си билан 2017 йил 1 августида қилган суҳбатида ўз онасига қарши қўйилган барча айбловлар сохта эканини даъво қилган.