Гулнора Каримовага пора берганлар устидан суд бошланади
4 сентябрь куни Швецияда Гулнора Каримовага пора берганлар устидан суд бошланади
Швеция прокуратураси ва суди расмийларининг маълум қилишича¸ 4 сентябрь куни Стокҳольм судида Ўзбекистон 1-президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага камида 350 миллион доллар пора берганликда айбланаëтган Telia (аввалги номи TeliaSonera) ширкати собиқ бошқарувчилари устидан маҳкама жараëни бошланади.
Ўзбекистон¸ АҚШ ва қатор Европа прокуратуралари томонидан Ғарб телеком ширкатларидан бир миллиард доллардан кўпроқ пора олганликда айбланган ва айбланаëтган Гулнора Каримова ва унинг бу ишдаги воситачи-ëрдамчилари швед маҳкамасида иштирок этмайди.
Маълумотга кўра¸ маҳкаманинг биринчи уч куни давомида прокурорлар айблов хулосасини ўқиб эшиттиради¸ айбланувчиларнинг адвокатлари қўйилаëтган айбларга ўз жавобини тақдим этади.
Шундан сўнг икки ҳафталик танаффус эълон қилинадиган суд ўз мажлисини 19-21 сентябрда давом эттиради ва судланувчиларни сўроқ қилади.
Судланувчилар курсисида 2003-2007 йилларда Telia ширкатининг молиявий директори ва вице-президенти¸ 2007-2012 йилларда эса, ширкатнинг Еврoосиë фаолияти президенти бўлган Теро Кивисаари¸ 2007-2013 йилларда ширкатнинг бош менежери бўлган Ларс Нюберг ва Евроосиë фаолияти бўйича бош маслаҳатчиси Ули Туималарнинг ўтириши кутилмоқда.
Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси директори Гуннар Стетлер учала судланувчини 2007-2012 йиллар мобайнида Ўзбекистон телекоммуникация бозорига (маҳаллий бренд номи Ucell) кириш ва махсус ҳимояда бўлиш учун Гулнора Каримовага 350 миллион долларга яқин пора берганликда айбламоқда.
Швеция тарихидаги энг катта коорупцион схемани амалга оширганликда айбланаëтган Telia собиқ бошқарувчиларидан юзлаб миллион доллар пора олган ўзбекистонлик айбланувчиларнинг суд ишида бевосита иштирок этиши кутилмаëтир.
Стетлер¸ Гулнора Каримованинг Швеция телеком ширкатидан пора олган асосий шахс экани деярли исботини топиб бўлгани ва шу боис Каримова ва шерикларининг судда қатнашиши бошланажак суд учун унча муҳим эмаслигини билдирди:
- Швеция қонунчилигида сиртқи суд тушунчаси йўқ. Шунинг учун Ўзбекистонда қамоқда сақланаëтган Каримовани судланувчилар рўйхатига қўша олмаймиз. Мен учун муҳими Telia раҳбарларининг бу иш жиноят эканини билиб туриб¸ Каримовага юзлаб миллион пора берганини судда исботлашдир. Бу эса¸ гувоҳлик кўрсатмалари ва бошқа далиллар асосида 100 фоиз ўз тасдиғини топди. Шу боис на Гулнора Каримова ва на Гаяне Авакян ва Рустам Мадумаровнинг судда қатнашиши прокуратура учун унақа муҳим эмас.