Ўзбекистон ва Россия ўқитувчиларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик ўрнатади
Ўзбекистон ва Россия умумтаълим мактаблари учун ўқитувчиларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик алоқалари ривожлантирилмоқда. Мазкур масалада Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти Россия делегацияси билан музокаралар ўтказди, дея хабар беради Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати.
Унда “Московский Дом соотечественников” ташкилоти директорининг биринчи ўринбосари Юрий Каплун, “Россотрудничество” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Виктор Шулика, А.С.Пушкин номидаги рус тили давлат институтининг илм-фан бўйича проректори Михаил Осадчий ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси бош маслаҳатчиси Сергей Соколовлар иштирок этди.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама этдилар.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда ҳозирги кунда ўқитувчилар етишмайди, айниқса, бу ҳолат рус тилида таълим берилаётган мактабларда сезиларли даражада. Халқ таълим вазирлиги томонидан мазкур муаммони ҳал этиш мақсадида бир қатор чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, учрашувда Халқ таълими вазирлиги ўзбекистонлик ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича Россия олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш таклифини илгари сурди.
Михаил Осадчий “Пушкин Институти” шерикчилик тармоғи доирасида ҳамкорлик қилишни таклиф этди. Бу эса малакали рус тили ўқитувчиларини тайёрлаш имконини беради.
Ўз ўрнида Виктор Шулика ҳар йили бир гуруҳ ўзбекистонлик ёшлар Россия олий ўқув юртларига таълим олиш учун юборилишлари ҳақида таъкидлади. У мазкур ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик ёшларни педагогика йўналишлари бўйича таълим олишга йўналтиришни таклиф қилди.
Томонлар келгусида муваффақиятли натижаларга эришиш учун келгуси ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олдилар.