Наманганда Hyundai автомобиль заводига тамал тоши қўйилди (фото)
Қуйидаги фотожамланмада ушбу маросимдан олинган расмларни томоша қилишингиз мумкин.
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида Hyundai автомобиль заводига тамал тоши қўйилди.
Дастлаб вилоят ҳокимлигида Hyundai автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича инвестицион шартнома имзоланди. Маросимда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов, Hyundai Motor ижрочи вице-президенти Ли Ин Чеол, Posco-Daewoo corporation компанияси вице-президенти Ли Санг Хун ва Evergreen Motors компанияси президенти Ким Чанг Кеон иштирок этди.
Куннинг иккинчи ярмида Тўрақўрғон туманидаги «Еттикон» маҳалласида Hyundai заводининг тамал тошини қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда Жанубий Корея делегацияси билан биргаликда Малайзия, Индонезия, Хитой ва Таиланд давлатларидан келган ишбилармон доиралар вакиллари ҳам қатнашди.
Жанубий Кореянинг Hyundai Motor, Evergreen Motors ва Posco-Daewoo corporation компаниялари ҳамкорлигида қурилиши режалаштирилган завод 2019 йилнинг сентябрида илк маҳсулотларини чиқаришни бошлайди.
Заводда бошланишига йилига 1000 та автомобиль ишлаб чиқарилади. Уч йил ичида бу кўрсаткич 3 баробар кўпаяди, яъни йилига 1000 та автобус ва 2000 та юк машинаси ишлаб чиқарилади. Маҳаллийлаштириш дастури асосида 50 фоиз эҳтиёт қисм шу ернинг ўзида тайёрланиши кўзда тутилган. 1000 дан ортиқ иш ўрни яратилади.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 2—3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида ҳудудда йирик ишлаб чиқариш саноати йўқлиги, яқин келажакда бу ерда ҳам автомобиль заводи қуриш лойиҳаси амалга оширилишини таъкидлаганди.