Шошилинч! Қозоғистонда 36 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус ағдарилиб кетди
Sputnik Қозоғистон хабар беришича, 36 кишидан 2 таси Қозоғистон фуқаролари, қолганлари эса Россиядан ватанига қайтиб келаётган ўзбекистонликлар бўлган.
Аральск шаҳри яқинидаги Қизилорда вилояти трассасида ЙТҲ содир бўлди. Автобусда Россиядан ўз ватанига қайтиб келаётган ўзбекистонликлар бўлган.
Кеча кечқурун Қозоғистон трассасида автобус 36 нафар йўловчи билан ағдарилиб кетди. Автобус Нижний Новгород шаҳридан келаётган бўлган.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ЙТҲдан кейин Аральск касалхонасига 3 нафар йўловчи олиб келингани маълум қилди. Кейинчалик улардан бири жароҳати туфайли вафот этди. Яна 2 та Ўзбекистон фуқаросига тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, улар бир қанча муддат шифокорлар назорати остида бўлишади.
Айни дамда автобуснинг 17 нафар йўловчиси Чимкент-Самара трассаси яқинида жойлашган меҳмонхонага жойлаштирилди. Бир неча йўловчи эса мустақил равишда Новосибирскга қайтишга қарор қилди.
Қозоғистон йўлларида Ўзбекистон фуқаролари билан мунтазам равишда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб туради.
Шулардан энг шов-шувли ҳодиса - шу йил январь ойида Қозоғистон Ақтўбе вилояти Самара-Чимкент трассасида 57 нафар киши бўлган автобус ёниб кетганди. Ёнғин оқибатида 52 ўзбекистонлик ҳалок бўлганди.