15 ёшли қизнинг гуруҳ бўлиб зўрлангани ростми?
Бош прокуратура 15 ёшли қизнинг гуруҳ бўлиб зўрланиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди
Ўзбекистон Бош прокуратураси Қорақалпоғистонда 15 ёшли қизнинг гуруҳ бўлиб зўрлангани ҳақида ОАВларда тарқалган хабар юзасидан Sof.uz'га изоҳ берди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ўқувчи қизнинг беш ойлик ҳомиласи бор.
Бош прокуратура матбуот хизмати ушбу масалага ойдинлик киритишича, Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеани қатор нашрларда айтилгани каби зўрлаш, бунинг устига, гуруҳ бўлиб зўрлаш деб атаб бўлмайди. Қиз 20 ёшли эркак билан ўз хоҳишига кўра алоқа ўрнатган.
«Қорақалпоғистоннинг Чимбой тумани Ички ишлар бошқармаси 13 февраль куни 1999 йилда туғилган эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми — 16 ёшга етмаган шахс билан жинсий алоқага киришиш бўйича жиноят иши қўзғатди», — деди Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонова.
Қонунчиликка мувофиқ, вояга етмаган қиз билан алоқага киришган йигит 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазога тортилиши мумкин.