Ана холос! Рашитжон Қодиров энди жиноий уюшма тузишда ҳам айбланмоқда
(last modified Sat, 02 Mar 2019 06:45:09 GMT )
март 02, 2019 11:45 Asia/Tashkent
  • Ана холос!  Рашитжон Қодиров энди жиноий уюшма тузишда ҳам айбланмоқда

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида давлат айбловчиси судланувчи Рашитжон Қодировга янги айблов эълон қилди. Ўзбекистон Республикаси собиқ Бош прокурори эндиликда жиноий уюшма ташкил этишда ҳам айбланмоқда.

 Қодировнинг жиноий шериклари сифатида судланаётган 12 кишига жиноий уюшмага аъзолик айблови қўйилган.

Ўтган ҳафта Юнусобод туман судида собиқ бош прокурор ва унинг жиноий шериклари сифатида кўрилаётган шахслар иши бўйича тарафлар муҳокамаси бошланиши кутилганди.

Прокурор айбланувчиларга жазо муддатини сўраши, адвокатлар ва давлат айбловчиси чиқишидан кейин айбланувчилар сўнгги сўзни олиши керак эди.

Лекин,  прокурор кутилмаганда Рашитжон Қодиров ва бошқаларга янги айбловлар илгари суриш учун танаффус эълон қилишни сўраган.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 242- моддасида назарда тутилган бу жиноят тури собиқ бош прокурорга янада оғирроқ жазо белгиланиши мумкинлигини англатади.

“Жиноий уюшма ташкил этиш, яъни жиноий уюшма ёхуд унинг бўлинмаларини тузиш ёки унга раҳбарлик қилиш, шунингдек, уларнинг мавжуд бўлиши ва ишлаб туришини таъминлашга қаратилган фаолият - ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади,” - дейилади Ўзбекистон Жиноят кодексининг 242- моддасида.

Рашитжон Қодировнинг жиноий шериклари деб кўрилаётган қолган 12 нафар собиқ мулозимга – уюшган жиноий гуруҳга аъзолик айблови қўйилган.

Барча айбланувчилар янги айблов билан танишиш учун душанба кунига (4 март) қадар муҳлат сўраган.

Судланувчилар яқинларининг айтишича, суд қаттиқ қўриқланаëтган бинода ўтмоқда¸ ëпиқ ўтаëтган жараëнга судланувчилар яқинлари ҳам қўйилмаëтир.

Ҳозирча суднинг қанча давом этиши¸ унинг қачон ҳукм чиқариши ҳақида маълумот йўқ.