Ўзбекистон президенти «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонунни имзолади
Ўзбекистон республикаси президенти Шавкат Мирзиёев «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.
Қонунга кўра, атом энергиясидан фойдаланиш объектлари давлат мулки ёки Президент томонидан белгиланадиган юридик шахслар мулки ҳисобланади.
Мазкур объектлар рўйхати Президент томонидан тасдиқланади.
Энергетика вазирлиги ушбу соҳадаги ваколатли орган ҳисобланади ва атом энергетикасини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади.
Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси эса атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солувчи махсус ваколатли орган ҳисобланади.
Қонунга мувофиқ, фуқаролар ядровий қурилмалар хавфсизлиги тўғрисида тегишли давлат органларидан ахборот сўраш ва олиш, танишиш, ядровий қурилмалар пунктларига белгиланган тартибда ташриф буюриш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, қонунга кўра, ядровий қурилма зоналарида рухсат этилмаган йиғилишлар ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланади.
Қонун билан радиоактив чиқиндиларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқиш масаласи ҳам тартибга солинган бўлиб, унга кўра республика ҳудудига фақат илгари олиб чиқиб кетилган радиоактив чиқиндилар ва қайта ишлаш маҳсулотлари олиб кирилишига йўл қўйилади.