Ўзбекистоннинг мудофаа соҳасидаги давлат сиёсатига янги тамойиллар киритилади
Шу кунларда жойларда сенаторлар, маҳаллий ҳокимият вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари экспертлари ва кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилаётган тадбирларда янги қонунлар муҳокама этилмоқда, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати.
Қайд этилишича, Наманган вилоятида “Мудофаа тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маҳаллий Кенгашлар депутатлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Қонун билан мудофаа соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсадлари белгиланмоқда. Мамлакат мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва конституцион тузумини ҳимоя қилиш, давлатнинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш, халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш кабилар шулар жумласидан.
Шунингдек, мудофаа соҳасида давлат сиёсатининг ўз хавфсизлигини бошқа давлатлар хавфсизлиги ҳисобига мустаҳкамлашга йўл қўйилмаслиги каби янги тамойиллари киритилмоқда.
Сенат хабарида айтилишича, жойларда Қонунчилик палатасидан Олий Мажлис Сенатига келиб тушган янги қонунлар муҳокамаси давом этмоқда.