Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида " Ҳизбут-Таҳрир" экстремистик гуруҳи аъзолари қўлга олинди
Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлариида истиқомат қилувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти таъқиқланган «Хизб ут-Тахрир» диний-экстремистик ташкилотининг бир гуруҳ аъзолари жиноий фаолиятига чек қўйилди
Спутник сайтига кўра, ушбу шахсларнинг аксарияти муқаддам «Хизб ут-Тахрир» диний-экстремистик ташкилотига аъзо бўлганликлари учун жазо муддатини ўтаб чиққан.
“Уларга кўрсатилган ижтимоий, ҳуқуқий ва маънавий кўмакка қарамасдан жиноий тил бириктириб аҳоли орасида ноқонуний тарғибот олиб бориб, «Хизб ут-Тахрир» ДЭТ ғояларини тарқатганлар ҳамда шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатларни содир этганлар. Шунингдек, улар экстремистик ғояларидан воз кечган, муқаддам жазо муддатини ўтаб чиққан шахсларни ҳам қайта жиноят содир этиш йўлига чорлаганлар”, - дейилади ИИВ тарқатган хабарда.
Ҳибсга олинган шахсларнинг яшаш манзилларида экстремистик мазмундаги адабиётлар мавжудлиги аниқланган ва улар процессуал тартибда расмийлаштириб олиб қўйилган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда.