Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 25 ноябр -1декабр кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:
- Тошкентда Марказий Осиё давлат раҳбарлари Иккинчи маслаҳатлашув кенгаши бӯлиб ӯтди.
- «Ўзбекнефтгаз»: Ўзбекистон нефт-газ саноати ўзгариши жараёнининг биринчи босқичи якунланди.
- ЕХҲТ Ўзбекистонга сайловни кузатиш учун 300га яқин кишини жўнатади.
- 2019 йилда 11500 ўзбекистонлик Россия фуқаролигини олди?
- 147 нафар афғонистонлик ёшлар таҳсил олиш учун Ўзбекистонга келди.
- Андижонда газ ва электр узилишларидан чарчаган аҳоли кўчага чиқди.
- Равшан Эрматов ҳакамлик фаолиятини якунлади
Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 28 ноябрь куни кечқурун Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Иккинчи маслаҳатлашув кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Тошкентга келди ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув ўтказди
Кун.уз сайтига кўра, учрашувда икки мамлакат ўртасида иқтисодиёт, энергетика, транспорт, таълим, маданият ва сармоялар соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари икки давлатнинг кўплаб соҳалардаги ҳамкорлигидан мамнун эканлигини билдирди, дея хабар бермоқда Тожикистон президентининг матбуот хизмати.
Тожикистон президенти Шавкат Мирзиёевни Душанбе шаҳрига расмий ташриф билан боришга таклиф қилди.
Олдинроқ эса Нурсултон Назарбоев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш уқун Токшентга келганди.
Қозоғистоннинг биринчи президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Тошкент халқаро аэропортида Назарбоевни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олган.
Туркманистон президентининг Ўзбекистонга амалий ташрифи 28 ноябрь куни икки давлат раҳбарларининг учрашуви билан бошланди.
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик даражасига кўтарилган кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Музокаралар чоғида амалий ҳамкорлик масалаларига, жумладан, ўзаро савдони кўпайтириш, машинасозлик, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбай Жээнбеков Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Тошкентга келди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви 29 ноябрь куни бўлиб ўтди.
Унда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.
Х Х Х
Президентнинг 2019 йил 9 июлдаги қарори билан “Ўзбекнефтгаз” учта асосий йўналишда фаолият юритувчи жамиятларга бўлинди.
Бундан буён “Ўзбекнефтгаз” АЖ нефт ва газ маҳсулотларини қазиб олиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланади. “Ўзтрансгаз” АЖ ички бозорда газни сотиш, ташиш ва харид қилувчи ташкилот ҳисобланади. “Ҳудудгазтаъминот” AЖ республика бўйича истеъмолчиларни табиий ва суюлтирилган газ билан таъминловчи ташкилотдир.
“Муборакнефтгаз” МЧЖ, “Шўртаннефтгаз” МЧЖ, “Устюртгаз” МЧЖ, “Газлинефтгазқазибчиқариш” МЧЖ, “Муборак газни қайта ишлаш заводи” МЧЖ юридик шахс ташкил қилмасдан “Ўзбекнефтгаз” AЖга қўшилди ва нефт ва газ қазиб олиш ва газни қайта ишлаш бошқармаларига айлантирилди.
“Нефтгазинвест” МЧЖ, “Нефтгазэкспорт” МЧЖ, “Ўзнефтегазгеология” МЧЖ “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибига қўшилган ҳолда фаолияти тўхтатилди. “Ўзбекнефтгаз” AЖ, “Ўзнефтгазқазибчиқариш” AЖ, “Ўзнефтмаҳсулот” AЖ, "Ўзнефтгазмаш" AЖни қайта ташкил этиш жараёни ниҳоясига етказилди.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти хабарига кўра, барча турдаги истеъмолчиларни қиш-куз мавсумида узлуксиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида октябрь ойига нисбатан ноябрь ойида ўртача кунлик қўшимча 5 млн. куб.м табиий газ қазиб чиқаришга эришилган.
Ҳозирги кунда республика истеъмолчиларининг эҳтиёжи учун табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича қўшимча дастурлар ишлаб чиқилган бўлиб, келгусида табиий газга бўлган эҳтиёжни таъминлаш мақсадида тегишли чоралар кўрилмоқда, дейилади "Ўзбекнефтгаз" матбуот хизмати хабарида.
Х Х Х
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ЕХҲТ ДИИҲР) Сайловни кузатиш миссияси раҳбари Каетана де Зулуэта Оутрам билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.
Улар сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш давомида Ўзбекистон томонининг ЙХҲТ ДИИҲБ тўлақонли миссияси билан ўзаро муносабатларининг амалий масалалари муҳокама қилишди.
Томонлар халқаро экспертизадан ўтган ва ЕХҲТ ДИИҲБ, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти тавсияларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган Ўзбекистоннинг янги сайлов кодекси аҳамияти қайд этишди.
Ушбу концептуал ҳужжат сиёсий партияларнинг мавқеи ва ролини мустаҳкамлаш, квоталашни бекор қилишни назарда тутади, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашди, Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини тузишни назарда тутади.
Каетана де Зулуэта Оутрам сайловни кузатиш учун ЕХҲТ ДИИҲБ 300 га яқин кишини жўнатишни режалаштираётганини маълум қилди. Ушбу кузатувчилар мамлакатнинг барча минтақаларига ташриф буюришади.
Дастлабки маълумотларга кўра, жаҳоннинг 50 та мамлакати ва халқаро ташкилотлардан 700 дан ортиқ халқаро кузатувчилар Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда Парламент сайловлари 2019 йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтади. Парламентдаги 150та ўринга мамлакатда фаолият юритувчи бешта партиялар томонидан илгари сурилган 750 номзод даъвогарлик қилмоқда. 18 ноябрдан сайловолди ташвиқотларига старт берилган.
Х Х Х
2019 йилда 2018 йилга нисбатан 48 фоизга кўпроқ чет элликлар Россия Федерацияси фуқаролигини олди. Бу ҳақда «Вечерняя Москва» ёзмоқда.
Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматидан нашрга аниқлик киритишларича, Россия Федерациясининг янги 285 минг фуқаросидан 146 минги Украина фуқаролари, 35 минги Қозоғистон, 30 минги Тожикистон, 17 минги Арманистон, 14 минги Ўзбекистон, 11,5 минги Молдова фуқароларидир.
Чет эл фуқароларининг кўпчилиги Россия паспортини Ростов областида (71 минг), Москва ва Москва областида (мос равишда 10 ва 18 минг), Краснодар ўлкаси, Санкт-Петербург ва Ленинград областида (ҳар бири 10 мингдан) олган.
Бундан олдин, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси фуқаролиги бекор қилиниши мумкин бўлган ўзбекистонликлар рўйхатини эълон қилганди.
«Рўйхатда кўрсатилган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бекор қилиш масаласи амалдаги қонунчиликка мувофиқ кўриб чиқилмоқда», - дея айтиб ўтилган маълумотда.
Х Х Х
147 нафар афғонистонлик ёшлар таҳсил олиш учун Ўзбекистонга келди
Ўзбекистонда олий маълумот олиш ва малакали мутахассис бўлиш истагида ташриф буюрган 147 нафар афғонистонлик ёшлардан иборат делегация 2019 йил 25 ноябр куни “Ҳайратон” чегара постида тантанали кутиб олинди.
Афғонистон Ислом Республикаси фуқаролари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғон фуқароларини ўқитишга мўлжалланган таълим марказида таҳсил олишади.
Афғонистонлик ёшлардан 119 нафари Ўзбек тили ва адабиёти, 18 нафари Акушерлик ва ҳамшира иши ҳамда 10 нафари Ер усти транспорт тизимлари ва эксплуатация, локомотив ва вагонлар иши таълим йўналишларида ўқишади.
Талабаларга машғулотлар олиб бориш учун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент темир йўл муҳандислари институти ҳамда Тошкент тиббиёт академиясидан профессор-ўқитувчилар жалб этилган.
Меҳмонларни кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Афғонистон бўйича махсус вакили И.Иргашев, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари С.Бузрукхонов, АИР Термиз шаҳридаги консули С.Сакандарий, АИР Олий таълим вазирининг ўринбосари А.Ҳошимий, вилоят ҳокимлиги раҳбарлари ва бошқалар иштирок этди.
Х Х Х
Ўзбекистонлик энг машҳур футбол ҳаками - Равшан Эрматов ўзининг 17 йиллик фаолиятини расман якунлади.
Равшан Эрматов ўзининг ФИФАдаги ҳакамлик фаолиятини расман якунлади, деб хабар қилмоқда Футболиум телеграм канали.
ОФКда ушбу воқеага бағишланган расмий қутлов маросими бўлиб ўтди. Маросимда сўзга чиққан Равшан Эрматов Осиё футбол конфедерациясида 17 мавсум давомида фаолият юритиш унга улкан шараф бўлганини ҳамда Осиё Чемпионлар Лигасининг бешта финали, тўртта Осиё Кубоги ва учта Жаҳон Чемпионатида ишлаш унда ёрқин хотиралар қолдирганини айтиб ўтди.
“Мен Осиё футбол оиласининг аъзоси эканимдан фахрланаман. Энди эстафетани ёш касбдошларимга топшириш вақти келди. Ишончим комилки, улар ўз олдига энг олий мақсадларни қўйган ҳолда, юқори чўққиларга интилади”, — деди Эрматов тантанали маросимда.
Равшан Эрматов бир неча ўзига хос рекордлар соҳибидир. Хусусан у 2010 йилда ЖАРда бўлиб ўтган ЖЧда энг ёш судья, 2018 йилда ЖЧ ўйинларида энг кўп маротаба ҳакамлик қилган судя, ОФК финалида энг кўп маротаба ҳакамлик қилган судья каби унвонларга сазовор бўлган эди.
Айни дамда Равшан Эрматов Ўзбекистон футбол ассосциацияси вице-президенти лавозимида ҳам ишлайди. Шунингдек, Эрматов ОФК ҳакамлар қўмитаси аъзоси сифатида Осиёда футбол судялари тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшади.