Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 20-26 январ кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:
- 2020 йил--Илм-маърифат ва рақамли технологияларни ривожлантириш йили.
- Президент: Коррупцияга қарши мустақил орган ташкил этилади.
- “Янги Ўзбекистон” газетасининг илк сони чоп этилди.
- Томскдаги ёнғинда вафот этган ўзбекистонликлар шахси аниқланди (рўйхат).
- 2019 йилда 308 нафар меҳнат муҳожирининг жасади Ўзбекистонга олиб келингани маълум этилди.
- Шабнам Оллошукурова: Ўзбекистондан кетмасам, ўлдиришарди.
- Россиядан 300 минг ўзбекистонлик депортация қилинган.
- Ўзбекистонда ўзини МИБ ходимлари олдида ёқиб юборган фуқаро вафот этди.
Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:
24 январ куни Президент Шавкат Мирзиёев Парламентга Мурожаатнома билан чиқиш қилди.
Давлат раҳбари ўз сўзида 2020 йилни Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилди.
«Мен 2020 йилга Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб ном беришни таклиф этаман», деди президент.
Х Х Х
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида қонун устуворлигини таъминлаш ва коррупцияга қарши қатъий курашиш бўйича муҳим таклифларни илгари сурди. Нутқ давомида Парламент ва Президентга ҳисобдор бўлган коррупцияга қарши мустақил орган ташкил этилиши бўйича таклиф берилди.
«Афсуски, жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда.
Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди.
Тадбиркорлар ҳанузгача ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, банк, давлат харидлари каби соҳаларда коррупцияга дуч келаётгани, Президент номига келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар ҳам, матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар ҳам яққол кўрсатиб турибди.
Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз.
Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак.
Ушбу вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этишни таклиф этсам, сизлар нима дейсизлар?!
Президент Администрацияси Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмиталари билан биргаликда уч ой муддатда тегишли Фармон лойиҳасини ишлаб чиқсин», деди президент.
Х Х Х
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бугун “Янги Ўзбекистон” газетасининг биринчи сони чоп этилди.
Саккиз саҳифали ушбу нашрнинг илк саҳифасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси жамоасига табриги эълон қилинган. Унда, жумладан, шундай дейилади: “Улуғвор ва тарихий ўзгаришларнинг ўзига хос кўзгуси бўлиб майдонга чиқаётган газета юртимиздаги демократик ислоҳотлар, ҳудудлардаги беқиёс бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларининг аҳамияти ҳамда натижаларини ҳолис ва ҳаққоний ёритишга, аҳоли вакиллари ва жамоатчилик фикрини шакллантиришга, мавжуд муаммо ва камчиликларни таҳлилий материаллар орқали дадил кўтариб чиқиб, ахборот маконида муносиб ўрин эгаллашига ишончим комил“.
Х Х Х
Жорий йилнинг 21 январь куни Россия Федерацияси Томск вилояти, Асино туманида бир қаватли ёғочдан қурилган 1/3-уйда ёнғин содир бўлган эди. Натижада, ушбу хонадонда истиқомат қилган 12 нафар Ўзбекистон фуқароларидан 10 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган эди.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, тегишли хизматлар билан ҳамкорликда олиб борилган суриштирув ишлари натижасида ҳалок бўлган фуқароларнинг шахсига аниқлик киритилди:
1. Муртазоев Шаҳзод Санжар ўғли, 1999 й.т. (Навоий вилояти Қизилтепа туманида истиқомат қилган).
2. Элмуродов Темур Дамир ўғли, 1994 й.т. (Навоий вилояти Қизилтепа туманида истиқомат қилган).
3. Мўминов Хуршид Мехриддин ўғли, 1997 й.т. (Навоий вилояти Қизилтепа туманида истиқомат қилган).
4. Ғайбуллоев Рамзиддин Меҳриддин ўғли, 1998 й.т. (Навоий вилояти Қизилтепа туманида истиқомат қилган).
5. Эргашев Ҳошимжон Ўткир ўғли, 1999 й.т. (Навоий вилояти Қизилтепа туманида истиқомат қилган).
6. Хасанов Бунёд Карим ўғли, 1994 й.т. (Навоий вилояти Қизилтепа туманида истиқомат қилган).
7. Норов Мехриддин Гайбуллаевич, 1966 й.т. (Навоий вилояти Қизилтепа туманида истиқомат қилган).
8. Боймуродов Келдиёр Кандиёрович, 1987 й.т. (Навоий вилояти Қизилтепа туманида истиқомат қилган).
9. Хасанов Умид Каримович, 1979 й.т. (Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида истиқомат қилган).
Эслатиб ўтамиз, воқеа юзасидан воқеа жойида хуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Х Х Х
2019 йилда хорижда ишлаш чоғида вафот этган 308 нафар меҳнат муҳожирининг жасади Ўзбекистонга олиб келинган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи Бахтиёр Турсунов 23 январь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Хорижга ишлашга кетган фуқароларимизнинг ўша ерда вафот этиши – жуда аянчли ҳолат. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низомда хориждаги меҳнат фаолияти давомида вафот этган фуқароларнинг жасади қайси ҳолатларда жамғарма ҳисобидан олиб келиниши белгилаб қўйилган.
Шунга қарамай мазкур масала бўйича мурожаат қилганларнинг ҳеч бирига рад жавобини бермаганмиз”, дея Бахтиёр Турсуновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Тадбирда қайд этилишича, хорижда ишлаётган вақтида вафот этган фуқароларнинг жасадини жамғарма ҳисобидан Ўзбекистонга олиб келиш учун кўп ҳужжат талаб этилмайди. Мутасаддиларга кўра бунинг учун мурожаат муаллифининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда вафот этган фуқаронинг ўлими ҳақидаги маълумотнома бўлса кифоя.
“Вафот этган фуқаронинг жасадини Ўзбекистонга қайтариш иккита жараёндан – жасадни олиб кетишга тайёрлаш ва транспортировка қилишдан иборат. Фуқаронинг жасадини Ўзбекистонга олиб келиш харажатларининг чегараланган миқдори бор.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сон қарори билан тасдиқланган низомга кўра бу миқдор фуқаро вафот этган давлатига қараб 1000-1500 долларни ташкил этади. Бу пул транспорт хизматлари ва бошқа харажатларни қоплашга сарфланади”, дейди Бахтиёр Турсунов.
Х Х Х
Россиядан Ўзбекистонга депортация қилинган фуқаролар сони 300 нафарни ташкил этди.
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Бахтиёр Турсуновнинг айтишича, депорт қилинганларнинг рўйхатини шакллантириш агентлик ваколатига кирмайди, бу масалага Ташқи ишлар вазирлиги ойдинлик киритиши мумкин.
«Биздаги маълумотга кўра, ҳозирги кунда Россияда ҳудудидан депорт қилинганлар сони 300 минг нафарни ташкил қилади. Депорт қилинганлар сони статик, яъни ўзгарувчан маълумот бўлиб, депорт қилинганларнинг қўшилиши ёки ёки тақиқнинг ечилиши туфайли мазкур кўрсаткич ўзгариб туради.
Бирор давлатга маълум вақтга кириш тақиқи қўйилиши «депортация» дейилади. Фуқаро миграцион қонунчиликни бузганида, унга уч кун мобайнида давлатдан ихтиёрий чиқиб кетиш имкони берилади. Агар мигрант шу вақт оралиғида ўша мамлакатни тарк этмаса, кейинги сафар суд қарорига асосан, мажбурий тарзда давлатдан чиқариб юборилади ва у ерга қайтиб киришига муайян муддатга тақиқ қўйилади», – дея Турсунов суҳбатини Кун. узс айти келтирган
Маълум қилинишича, айни пайтда хорижда юрган ўзбекистонликлар сони салкам 2 миллион нафарни ташкил этади.