Ўзбекистонда коронавируснинг олдини олиш учун дорилар борми?
Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги директори Сардор Кариев иштирокида брифинг ўтказилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 1 март ҳолатига кўра жами 15 та тиббий ниқоб ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд эди ва уларнинг кунлик ишлаб чиқариш қувватлари 450-500 минг донани ташкил этган. 1 апрельга келиб тиббий ниқоб ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг сони 190 тага етди ва уларнинг умумий ишлаб чиқариш қувватлари 4,3 млн. донага кўтарилди.
“ССВнинг буйруғи билан ниқоблар тиббий буюмлар рўйхатидан чиқарилди. Шу боис ҳозирги кунда уларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш учун алоҳида лицензия талаб этилмайди“, деди Сардор Кариев.
Шунингдек, коронавируснинг олдини олиш учун дорилар Ўзбекистонда бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот берилди.
Маълум қилинишича, фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вирусларга қарши қўлланиладиган дори воситаларининг рўйхатини шакллантирган. Рўйхат асосида коронавирус ва бошқа юқумли касалликларга қарши самарали вирусга қарши препаратлар ҳамда шахсий ҳимоя воситаларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий 52 та корхоналар аниқланди.
Ушбу дори воситалари вирусли юқумли касалликларни (жумладан коронавирус 2019-nCoV) келтириб чиқарувчи вирусларга қарши таъсирга эга бўлиши мумкинлиги келтирилган“, дейилади ахборотда.