Сардоба бўйича очиқ тергов бўладими?
(last modified Sat, 09 May 2020 09:16:10 GMT )
май 09, 2020 14:16 Asia/Tashkent
  • Сардоба бўйича очиқ тергов бўладими?

Сардоба сув омборидаги тошқиндан бир ҳафта ўтиб, расмий тергов ҳануз ҳодисанинг сабаблари борасида ҳеч қандай фаразни айтмаяпти.

Тошқин етказган зарарнинг кўлами ҳақида ҳам аниқ маълумотлар йўқ.

Бир неча кишининг ўлими ва ўн минглаб одамларнинг уйларидан кўчирилишига олиб келган ҳодиса Ўзбекистоннинг яқин тарихидаги энг йирик техноген офат бўлган.

Ҳодиса юз берган куни расмий матбуот унинг кучли шамол ва ёмғир натижасида юз берган табиий офат бўлганини айтган, аммо Президент Мирзиёевнинг чиқишидан кейин табиий офат ибораси техноген офатга ўзгарди.

Мирзиёевнинг ўзи фожиага сув омбори қурилишидаги коррупция ҳолатлари сабаб бўлиши мумкинлигига ишора қилган.

У тергов очиқ бўлиши ва айбдорларнинг жазоланишини айтган.

Аммо терговни олиб бораётган Давлат Хавфсизлик Хизмати ҳозиргача ҳеч қандай баёнот бермаган.

Терговнинг амалда ёпиқ тизим бўлган хавфсизлик идораларига топширилишининг ўзи унинг қанчалик очиқ бўлиши борасида саволларни ўртага чиқарган.

Ҳозиргача йирик офат юзасидан биронта ҳам матбуот анжумани ўтказилгани йўқ.

Давлат матбуоти президентнинг 3 май кунги видеоселектор йиғилишида айтган қурилишлардаги коррупцияга доир сўзларини ёритмагани цензура билан боғлиқ хавотирларни пайдо қилган.

Президент Шавкат Мирзиёев биринчи марта очиқ тергов ёки маҳкама ваъда қилаётгани йўқ.

У аввал ҳам коррупцияда айбланган қатор мулозимлар устидан очиқ суд жараёнлари ўтказилиши, ҳатто, масалан, собиқ бош прокурор Рашид Қодировнинг телевизорга чиқарилишини ҳам айтган, аммо бу ҳеч қачон амалга ошмаган.

Бу собиқ амалдорлар устидан тергов ва суд жараёнлари давлат сири важи билан махфийлаштирилган.

Ҳозир ҳам бу ишлар босди-босди бўлмаслиги ва Сардоба фожиасидан сабоқ чиқариш учун нималар қилиниши керак? Тергов ва суд жараёнларининг очиқлигини қандай таъминлаш мумкин?

Кристиан Ласслетт Ўзбекистоннинг энг йирик қурилиш лойиҳаларидан "Тошкент-сити"даги коррупцион деб айтилган схемаларни ўрганган

Британиядаги Алстер университети (University of Ulster) криминология профессори Кристиан Ласслетт "White-collar crime" деб аталадиган жиноят тури бўйича мутахассис.

Инглиз тилидан сўзма-сўз таржима қилганда "оқ ёқаликлар жинояти" маъносини англатадиган бу кўриниш йирик бизнес ёки ҳукумат амалдорлари томонидан мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш йўли билан содир этиладиган жиноят турини англатади.

Кристиан ўз фаолияти давомида йирик техноген офатлар натижасида ҳалок бўлган жабрдийдаларнинг оилалари билан яқиндан ишлаган.

У шунингдек, "Тошкент-сити" қурилишидаги манфаатлар тўқнашувига доир бир неча текширув ва тадқиқотларни эълон қилган.

Жумладан, у Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 60 дан ортиқ компанияларга алоқаси бўлиши мумкинлигини айтган.

Кристиан Ласлетт: "Сардоба" сув омборида юз берган офатнинг инсонлар ҳаётига таъсири улкан. Минглаб одамлар уйларидан кўчирилди, қурбонлар борлиги хабар қилинмоқда. Бу жуда ҳам жиддий ва ҳар томонлама текширувни талаб қиладиган ҳодиса.Ҳодисанинг сабаблари борасида шошилинч хулоса ёки баёнотлар қилмаслик муҳим. Чунки ҳозирги босқичда сабаблар ҳақида жиддий хулосалар чиқаришга ҳали эрта.

Би-би-си: Эрталикка эрта, лекин бу каби йирик офатларда, биласиз, жамоатчиликнинг терговдан кутишлари катта бўлади. Ва тергов ҳам дастлабки фаразлар ҳақида тезкорлик билан маълумот бериб туради. Аммо Сардоба борасида ҳозирга қадар биз фақат кучли шамол ва ёмғир сабаб, деган фаразни эшитдик, холос.

Кристиан Ласлетт: Ҳодисанинг қўзғатувчиси билан сабабни бир-биридан ажратиш керак. Қўзғатувчи омил табиий бўлиши мумкин, кучли шамол ёки ёмғир, дейлик. Аммо бу табиий шароитларнинг вайронагарчилик ва ўлим билан тугаган ҳалокатли офатга етаклашига олиб келган асосий сабаб текширилаётган иншоот тузилмасидаги нуқсонлар бўлиши мумкин. Ҳозирда ана шу потенциал қўзғатувчиларнинг йирик офатга олиб келишига йўл очиб берган асосий сабаблар нима эканини аниқлаш терговни олиб бораётган идораларнинг ваколатига киради. Бу саволларга аниқ жавоб топиш учун тергов жараёнининг очиқ бўлиши муҳим. Барча далиллар ва тингловлар жамоатчиликка ва журналистларга очиқ бўлиши керак. Тергов материаллари, ёзма кўрсатмалар, ашёлар ва даллилар ҳаммаси онлайн шаклида эълон қилиниши лозим бўлади. Бу борадаги дастлабки ва ниҳоий ҳисоботлар ҳам жамоатчиликка тақдим этилиши керак. Баъзида ҳассос материаллар бўлиши мумкин, масалан, юқори даражадаги коррупция ҳолатлари ҳақида гувоҳларнинг кўрсатмалари. Бу кўрсатмалар махфий бўлиши мумкин. Гувоҳларнинг ўзлари ва яқинларини ҳимоя қилиш мақсадида. Бу каби гувоҳликларнинг ҳам нусҳалари жамоатчиликка тақдим этилиши керак.

Би-би-си: Аммо Ўзбекистонда очиқ тергов ўтказиш тажрибаси йўқ.

Кристиан Ласлетт: Тергов очиқлигининг ўзи етарли эмас. Мустақил ҳам бўлиши керак. Тергов қилаётганларнинг биронта компания ёки ҳукумат одамларига алоқаси бўлмаслиги лозим. Бу каби мустақилликка Ўзбекистон адлия идорасининг халқаро адлия идораси ё-да эксперт билан ҳамкорлиги орқали эришиш мумкин. Бу борада халқаро тажриба етарли.Маҳаллий экспертиза билан биргаликда халқаро экспертизага ҳам мурожаат қилиниши мумкин.

Би-би-си: Президент Мирзиёев сув омборидаги офатга коррупция сабаб бўлиши мумкинлигига ишора қилди. Сиз Тошкент-ситидаги коррупцион схемаларни текширгансиз. Аммо сув омбори оддий қурилиш эмас, стратегик иншоот. Бу соҳадаги коррупция учун кўпроқ ҳукумат масъул бўладими?

Кристиан Ласлетт: Терговнинг бир чизиғи мутлақо коррупция иддаоларига қаратилиши керак. Халқаро тажрибага қаралса, бу каби йирик техноген офатлар кўпинча коррупция натижасида, порахўрлик ва мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш оқибатида содир бўлишини кўришимиз мумкин.

Бу каби иншоотларни ким, қайси компания қургани билан бирга ҳукумат унинг хавфсизлигини таъминлаш учун қандай чоралар кўргани, юқори даражада қандай қарорлар қабул қилингани ҳам бирдек муҳим. Қурилиш жараёнида максимал даражада мумкин бўлган юқори стандартларга амал қилинишини таъминлаш учун нималар қилинган? Буни мустақил инспекция ўтказиш йўли билан аниқлаш мумкин.

Би-би-си: Ўзбекистон Сардоба фожиасидан қандай сабоқ чиқариши керак, деб ўйлайсиз?

Кристиан Ласлетт: Бу Ўзбекистоннинг яқин тарихидаги биринчи офат эмас. Шаҳар инфратузилмасида фалокатлар юз берган бошқа ҳолатлар мавжуд. Бу қадар миқёсда бўлмаса ҳам, ўлимга сабаб бўлган жиддий ҳодисалар бўлди. Масалан, ўтган йил декабрида Тошкент метро қурилишида юз берган ер ўпирилиши сингари. Бу каби ҳодисалар шубҳасиз, режаланган йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда давом этиш керакми, масалан, атом электр станциясига ўхшаган, ёки бу лойиҳаларнинг хавфсизлиги ва тартибга солиш тизимини қайта кўздан кечириш керакми, деган саволни кун тартибига қўяди. Келажак лойиҳаларда одамларни яхшироқ ҳимоялаш учун охирги ҳодисадан тўғри сабоқ чиқариш муҳим.