Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарадаги баҳсли ҳудудларни ўрганди
Учрашувлар давомида 55та участкада қўшма дала текширувлари ўтказилди
ТОШКЕНТ, 14 окт – Sputnik. 5-14 октябр кунлари Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг ҳукумат делегацияларининг ишчи гуруҳлари икки давлат чегарасидаги 55та участкада қўшма дала текширувларини ўтказди, деб хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
Вазирликнинг хабарига кўра, текширувлар Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича икки давлат ҳукумат делегацияларининг учрашуви давомида ўтказилган. Музокаралар якунларига кўра томонлар протокол иимзоладилар.
"Учрашувлар давомида Ўзбекистон Республикасининг Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари билан Қирғизистон Республикасининг Жалол-Обод, Ўш ва Баткен вилоятлари туташган ҳудудларда давлат чегараларидаги 55та участкада қўшма дала текширувлари ўтказилди", — дейилади хабарда.Сентябр ойида Ўзбекистон ТИВ делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ҳукумат делегациялари икки давлат чегараларидаги 23та участкада дала текширувлари ўтказганлигини маълум қилганди. СССР тарқалганидан кейин ўзбек-қирғиз чегарасининг чорак қисми делимитация қилинмаганлиги боис чегарада турли низолар келиб чиқмоқда. Кейинги уч йил ичида бу ерда бир неча ўнлаб низоли вазиятлар юзага келган.