Голландиянинг Анқарадаги муваққат ишлари бўйича вакили Туркия ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди
Ройтерз ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Голландиянинг Анқарадаги муваққат ишлар бўйича вакили шанба кунидан бугунгача учинчи маротаба Туркия ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган
Туркия Голландиянинг Анқарадиги муваққат ишлар бўйича вакилини Роттердам полицияси томонидан ушбу мамлакатнинг турк жамоасига қарши кескин чоралар кўрганлиги учун эътироз билдириш учун Ташқи ишлар вазирлигига чақирди. Ройтерз ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Голландиянинг Анқарадаги муваққат ишлар бўйича вакили шанба кунидан бугунгача учинчи маротаба Туркия ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган. Голландия полицияси якшанба куни сув пуркайдиган мошиналар ёрдамида Роттердамдаги турк эътирозчиларини тарқатиб юборган. Намойишчилар ҳам полицияга қарата тош отишган.
Эслатиб ўтамиз, Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу Роттердамда турк жамоаси билан учрашиб, уларга Туркияда ўтадиган конституциявий референдум ҳақида ахборот бериши керак эди. Яна бир турк вазири Фатма Бетул Саён Кайя ҳам шу мақсадда Роттердамга келганда мамлакатдан чиқариб юборилган.
Нидерландиянинг бу хатти-ҳаракатларидан кейин Роттердам марказида, турк консуллиги биноси ёнида норозилик акциялари ўтган ва улар тартибсизликларга айланиб кетган. Намойишчилар Нидерландия ҳукуматининг турк вазирларига мамлакатга киришга рухсат бермаганидан норозилик билдиришган. Тартибсизликлар оқибатида 12 киши ҳибсга олинган.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған акс чоралар кўришга ваъда қилди. Шунингдек, Туркия ташқи ишлар вазирлиги Нидерландия элчисига таътилдан кейин Туркияга қайтмаслигини "тавсия қилган".