АҚШнинг 15 та штати Трамп устидан судга шикоят қилди
Нью-Йорк штати Шарқий округи судига 15 та штат ва Колумбия федерал округи ҳукуматларидан АҚШ президенти Дональд Трампнинг ноқонуний муҳожирлар фарзандларини ҳимояловчи дастур DACA’ни бекор қилиш қарорини ноқонуний деб топиш талаби билан жамоавий шикоят аризаси берилди.
Даъво аризасида дастурнинг бекор қилиниши муҳожирлар ҳуқуқларининг бузилиши деб айтилган. Бу ҳақда Кун уз сайти хабар бермоқда. Ариза ташаббусчиларининг айтишича, “мамлакат учун қоронғу даврлар” келди. Аризани Айова, Вашингтон, Вермонт, Виржиния, Гавайи, Делавэр, Иллинойс, Коннектикут, Массачусетс, Нью-Мексико, Нью-Йорк, Орегон, Пенсильвания, Род-Айленд ва Шимолий Каролина штатлари имзолаган.
Бундан аввал АҚШ маъмурияти DACA ёки “Орзу қилувчилар” (Dreamers) деб аталувчи дастурни бекор қилди. Бу дастур ёшлигида АҚШга келган ноқонуний муҳожирлар фарзандларига депортация муддатини кейинроққа суриш имконини берган.
Трампнинг бу қарори АҚШ бизнес ҳамжамияти ва сиёсатчилар, жамоатчиликнинг норозилигини келтириб чиқарди. Улар “DACA’ни тўғрилаш” учун янги қонунлар қабул қилиниши зарурлигини айтишган.
Трамп ноқонуний муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимояловчи қонунларни ишлаб чиқиб, қабул қилиш учун конгрессга ярим йил вақт берди.
Аввалги президент Барак Обама томондан жорий қилинган бу дастур бир қатор шароитларда АҚШга 16 ёшга етмасдан келган муҳожирларга депортация муддатини кейинги суриш ва ишлашга рухсат олиш имконини берган. Бундай муҳожирларга уларга нисбатан 2 йилга депортация ҳаракатларини қолдириш ва ишлашга рухсат бериш бўйича ҳужжат берилган. Дастлаб бу меъёрга мос келувчи муҳожирлар 1,7 млн киши деб баҳоланган. АҚШда 2016 йил ҳолатига кўра, 750 минг кишига депортация қилинишини қолдиришга рухсат берилган. Улардан ярмидан кўпи Калифорния ва Техас штатларида яшайдилар.