Путин: Сурияга қарши ҳужум, террорчиликка қарши бўлган жабҳага ҳужумдир
Россия президенти Владимир Путиннинг маълум қилишича, АҚШ ўз иттифоқчилари билан Суриядаги ҳарбий ва фуқаролик объектларига БМТ Хавфсизлик Кенгашининг санкциясини олмасдан туриб авиазарбалар бериб, БМТ низоми ва халқаро ҳуқуқ нормаларини бузди. Бу ҳақда Интерфакс агентлиги хабар қилмоқда.
«Ўн тўртинчи апрель куни АҚШ ўз иттифоқчилари кўмагида Суриянинг қуролли кучлари ва фуқаролик инфратузилмаси объектларига ракета зарбаларини берди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг санкциясисиз, БМТ Низомини бузган ҳолда, халқаро ҳуқуқ нормалари ва принципларига зид равишда суверен давлатга қарши тажовкузкорлик акти юз берди, Сурия эса терроризм билан курашда энг олдинги ўринларда турибди», - дея маълум қилган Путин.
Россия президенти Владимир Путиннинг маълум қилишича, Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақирмоқда. Унда АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг Суриядаги хатти-ҳаракатлари муҳокама қилинади.
"АҚШ ўз ҳаракатлари билан Суриядаги гуманитар ҳалокатни янада чуқурлаштирмоқда, тинч аҳолига азият етказмоқда, етти йил Сурия халқини эзиб келган террорчиларга кўмаклашмоқда, ушбу мамлакат ва умуман минтақада янги қочқинлар тўлқини пайдо бўлишига сабабчи бўлмоқда", — деди у.
Россия президенти Сурия атрофидаги вазиятнинг издан чиқиши халқаро муносабатларнинг бутун бошли тизимига ҳалокатли таъсир кўрсатишини билдирди.