ЖЧ—2018. Бразилия ва Уругвай мағлуб бўлди
6 июль санасида футбол бўйича Россияда бўлиб ўтаётган Жаҳон Чемпионатининг 1/4 финал баҳслари бошланди
Куннинг дастлабки ўйинида Франция Рафаэль Варан ҳамда Антуан Гризманнинг голлари сабаб Уругвайни мағлуб этди ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
Чорак финалдан ўрин олган иккинчи ўйин Мексика билан Японияни 1/8 финалда қолиб кетишга мажбур қилган Бразилия ҳамда Бельгия терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтди.
Учрашувда ҳисоб 13-дақиқада очилди. Бельгияликларнинг бурчакдан ошириб берган тўпи Фернандиньога тегиб, Алиссон дарвозасидан жой олди. 31-дақиқага келиб, Ромелу Лукакунинг узатмасидан сўнг Кевин де Брюйне кучли зарба билан ҳисобни 2:0 кўринишига келтириб қўйди.
Ўйиндаги сўнгги гол захирадан майдонга тушган Ренато Аугусто томонидан 76-дақиқада киритилди. Шу тариқа Бельгия Бразилияни чорак финалда қолдириб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Ярим финалда бельгияликлар Франция терма жамоаси билан баҳс олиб боради.
Франция терма жамоаси ҳам Россия яшил майдонларида ўтказилаётган футбол бўйича Жаҳон Чемпионатининг чорак финалида Уругвай терма жамоасини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Голларга Рафаэль Варан ва Антуан Гризманн муаллифлик қилди.