Россия НАТО етакчиларининг баёнотига муносабат билдирди
Россиянинг НАТОга нисбатан қарама-қарши ташкилот сифатида қарашлари ўзгаришсиз қолади. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан учрашув вақтида маълум қилган.
«Мен аллақачон НАТО саммити ҳамда биз бунга қандай ёндашишимиз ҳақидаги саволга жавоб бердим. Менга ишонинг, бир кечада бизнинг бу борадаги қарашларимиз ўзгариб қолмайди. Қандайдир ўзгаришлар ҳақида ҳеч қандай гап йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас», дея жавоб қайтарган Песков журналистларнинг НАТО раҳбарларининг мудофаа масалалари бўйича чақирилган тезкор саммити ҳақида изоҳ беришни сўраб йўллаган мурожаатига.
Песков 10 июль куни журналистларга Россиянинг НАТОга нисбатан позицияси маълум эканлигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, альянс «Совуқ уруш» даврининг маҳсулидир. Москванинг бундай қараши ташкилотнинг фақатгина қарама-қарши ташкилот сифатида ташкил қилинганлиги фактига асосланган.
Эслатиб ўтамиз, 11-12 июль кунлари Бельгия пойтахти Брюссель шаҳрида НАТОга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити бўлиб ўтмоқда.