Контакт линзалар кўз учун хавфлими?
(last modified Sat, 02 Mar 2019 15:00:14 GMT )
март 02, 2019 20:00 Asia/Tashkent
  • Контакт линзалар кўз учун хавфлими?

Контакт линзалар кўз учун хавфлими?

Бугун кўзойнакдан кўра контакт линзалардан фойдаланиш оммалашиб бормоқда. Уларнинг ҳаётимизга кириб келганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Хўш, линзаларнинг кўзойнакдан афзаллиги нимада? Қай ҳолатда тақиш керак ёки қачон улардан воз кечган маъқул?

Бизнинг шу каби саволларимизга мутахассис Дилфуза ЗИЁВУДДИНОВА жавоб берди.

— Бугун линзаларнинг олти тури мавжуд. Энг оммалашган юмшоқ линзалар ҳам иккига бўлинади: қалин ва юпқа. Қалин линзалар узоқ муддатли бўлади. Уч ойгача фойдаланиш мумкин. Юпқа линзаларнинг эса муддати бир ой. Контакт линза ишлаб чиқаришда, асосан, АҚШ, Италия, Жанубий Корея фирмалари етакчи. Бугун энг оммабоп контакт линза билан ухлаш ҳам мумкин. Бир ҳафтада ечса бўлди, чунки у ҳаво ўтказади. Қолаверса, таркибида 8 фоиз намлик (сув) мавжуд. Аммо ҳамма турдаги контакт линзаларда бундай хусусият йўқ. Уларни эрталаб тақиб, олти соатдан сўнг ечиш зарур.

— Контакт линза аслида кимлар учун?

— Кўриш қобилияти пасайган одамлар учун, албатта. Уни, асосан, иш ёки ўқишга борувчилар тақади. Уйга қайтгач, линзани ечиб, кўзойнак тақиш керак. Чунки кўз кун бўйи линзадан чарчаб, қизаришни бошлайди.

— Кўзойнакдан афзаллик жиҳатлари нимада?— Кўзойнакда фақат тўғри йўналишни кўра оласиз. Чапга ёки ўнгга қараш учун боши­нгизни буришингиз керак. Линзаларда эса кўзингизни буриш орқали кенг кўламда кўра оласиз. Қолаверса, қишда кўзойнак буғланади, линзада эса бу муаммо йўқ.

Ҳамма фаслда бемалол фойдаланиш мумкин.

— Чирой учун тақиладиган линзаларнинг кўзга зарари борми?— Албатта, кўзга жуда катта салбий таъсири бор. Рангли линзалар ҳаво ўтказмайди. Куни билан тақиб юрилса, кўриш қобилияти сусайиб кетади. Бу ҳол вақт ўтганидан сўнг сезилади. Рангли линзалар бир кунда уч, узоғи билан тўрт соат тақилиши керак. Аммо кўпчилик уни узлуксиз тақиб юраверади. Бу эса кўз қизаришига, вақт ўтгач, кўриш қобилияти сусайишига олиб келади.

— Линза тақиш ёшга боғлиқми?— Линзалар, асосан, 14-15 ёшдан тақилади. Агар линза тақувчи линза тақиш техникасини бажара олса, у линза тақиши мумкин. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, шамоллашда ва йўтал кузатилганида, даволаниб, кейин яна линзаларни тақиш мумкин. Тутун ва чангларда ҳам линза тақмаган маъқул.— Ундан фойдаланиш учун сотувчининг тавсияси кифоями ёки алоҳида шифокор кўригидан ўтиш шартми?— Албатта, шифокор кўригидан ўтиш керак. Чунки баъзиларнинг кўзига линза тақишнинг кераги йўқ. Шифокор кўрикдан ўтказиб, қандай линза тақиш кераклиги ҳақида маслаҳат беради. Кўрикдан ўтмасдан линза тақиш умуман нотўғри ҳисобланади.

Ёрлиқ