Беш мамлакат Каспий денгизнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни имзолади
(last modified Tue, 14 Aug 2018 07:17:20 GMT )
август 14, 2018 12:17 Asia/Tashkent

2018 йил 12 август куни Россия, Эрон, Озарбойжон, Қозоғистон  ва  Туркманистон президентлари Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни имзолашди

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

      Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

     Бугунги  суҳбатимиз "Каспий денгиз бўйидаги беш мамлакатнинг Каспий денгизнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни имзолашига”га доир мавзуга бағишланади.      

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

     2018 йил 12 август куни Россия, Эрон, Озарбойжон, Қозоғистон  ва  Туркманистон президентлари Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни имзолашди. Ҳужжатга мувофиқ, ҳар бир мамлакат 15 денгиз милидан ортиқ бўлмаган кенгликда Каспий денгиздаги ўз ҳудудий сувлари чегарасини ўрнатади. Денгиз сув сатҳининг асосий майдони умумий фойдаланувда қолади, денгизнинг туби ва ерости бойликларини Каспий денгиз бўйи мамлакатлари ўзаро бўлишиб олади. Ушбу конвенция Каспий денгизида бегона мамлакатларнинг қуролли кучлари бўлишини тақиқлайди. Ҳужжат Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Эроннинг Каспий мақоми бўйича нуқтаи назарларини бир нуқтага келиштирди. Соҳил бўйи мамлакатларининг бу борадаги баҳс-мунозаралари 22 йилдан бери давом этиб келаётган эди.

      Совет даврида Каспий денгизининг мақоми Совет Иттифоқи ва Эрон ўртасидаги келишув асосида тартибга солинган. Совет Иттифоқи парчаланиб кетгач, Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркманистон ҳам денгизга чиқиш йўлига эга бўлди. Каспий денгиз бўйи мамлакатлари  ўртасидаги музокаралар 1996 йилда бошланган. Ўтган давр мобайнида беш мамлакатнинг ҳар бири учун ўз акваторияси чегараларини белгилаш, шунингдек, денгиз тубидан қувурлар ўтказиш масаласи баҳсли бўлиб қолаётган эди. Таъкидлаш жоизки, Каспий - Европа ва Осиё чорраҳасида жойлашган сув ҳавзаси, нефть ва табиий газ қазиб олинувчи энг қадимий ҳудудлардан бири. Каспий денгизнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенция нималарни назарда тутади: Каспий - беш мамлакатнинг қуруқликдаги ҳудудлари билан ўралган сув ҳавзаси дея номланди.

     Каспий акваторияси ички сувлар, ҳудудий сувлар, балиқчилик зоналари ва умумий сув майдонига ажратилади; ер ости бойликлари давлатлар томонидан халқаро ҳуқуқ меъёрларига асосланган келишувга мувофиқ тақсимланади; кемасозлик, балиқчилик, илмий тадқиқотлар, кабель ва магистрал қувурлар билан боғлиқ қоидалар белгилаб олинди; хорижий мамлакатлар ҳарбий базаларининг жойлашуви ва Каспий бўйи давлатларига тегишли бўлмаган кемалар фаолияти тақиқланади; минтақадаги давлатлар денгиз хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлади; кенг кўламли денгиз лойиҳаларини амалга оширишда экологик омил албатта инобатга олиниши керак. Каспий денгиз соҳили мамлакатларининг президентлари Конвенциянинг имзоланиши минтақадаги аҳил кўшничилик алоқаларининг мустаҳкамланишига ёрдам бериши ва савдо, транспорт ва энергетика лойиҳаларини ривожлантиришга туртки беришига ишонч билдиришди.

      Бунинг учун ҳар йили Каспий "бешлиги"га кирувчи мамлакатлардан бирида ўтказиладиган Каспий иқтисодий форуми формати яратилди. Биринчи форум 2019 йилда Туркманистонда ўтказилиши режалаштирилди. Ашхободда ўтказилиши кутилаётган форумнинг санаси томонлар келишувига асосан белгиланади. Каспий бўйи мамлакатлари учун муҳим аҳамиятга эга ҳужжатлардан бири имзоланган бўлса-да, саммитда олдинда қилиниши керак бўлган ишлар ҳали кўплиги қайд этилди. Масалан, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Каспий денгизидаги ҳарбий фаолият бўйича  алоҳида шартнома имзолаш ғояси билан чиқди. Эрон ислом жумҳурияти президенти Ҳасан Руҳоний эса Каспий тубини чегаралаш тўғрисидаги келишувга эришиш зарурлигини таъкидлади. Россия президенти Владимир Путин ўз ўрнида денгиз транспорти ҳақидаги битимни ишлаб чиқиш муҳимлигига урғу бериб, Каспийда наркотрафикка қарши курашга доир ҳужжатни ишлаб чиқиш ҳақида ўйлаб кўришни таклиф қилди. Каспий мамлакатлари имзоланган конвенция инвестициялар учун йўл очиши ва денгиз бўйи давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни рағбатлантириш учун хизмат қилишига умид қилмоқда.

       Саммитда сўзга чиққан Қозоғистон президентининг сўзларига кўра, ҳозирча ўзаро савдо кўрсаткичлари ҳавас қиларли даражада эмас. Унинг фикрича, товарлар номенклатурасини кенгайтириш учун мунтазам равишда беш мамлакат иқтисодиёт вазирлари ўртасида ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказиш мақсадга мувофиқ. Туркманистон Каспийнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенциянинг қабул қилиниши орқали ўзининг газ экспортини диверсификация қилишга ва шу тариқа туркман табиий газини ташқи бозорлар, жумладан Европа мамлакатларига чиқариш муаммосини ҳал қилишга умид қилмоқда. Шунингдек, Туркманистон мазкур Конвенция Каспий денгиз тубидан Озарбойжонгача Транс каспий газ қувурини қуриш ва Транс анатолий газ қувурига уланишга имкон беради, дея тахмин қилмоқда.

       Бу газ қувури Озарбойжондан Грузия ва Туркия орқали Греция чегарасига газ етказиб беришни кўзда тутади, у ердан Жанубий Европага йўналган Транс адриатик газ қувурига йўл очилади. Энг оптимистик прогнозларга кўра, Озарбойжон табиий гази 2019-2020 йилларга бориб ана шу газ қувурлари орқали Европага етказилади. Озарбойжон, Грузия, Туркманистон, Туркия ва Евроиттифоқ бир неча йиллардан бери Каспий бўйи минтақасидан Европага табиий газ экспорти лойиҳаси устида иш олиб боришмоқда. Каспий денгизнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенциянинг имзоланиши эса бу жараённи тезлаштириши мумкин. Шунингдек, саммит доирасида Каспий денгиз соҳили давлатлари вазирлари Каспий денгизидаги уюшган жиноятчиликка қарши кураш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, транспорт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатларни ҳам имзолашди. 

     Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.