Абу Наср Форобий
(last modified Wed, 05 Dec 2018 08:00:46 GMT )
декабр 05, 2018 13:00 Asia/Tashkent
  • Абу Наср Форобий
    Абу Наср Форобий

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” дастурида навбат билан Эроннинг кенг масоҳатга эга бўлган маданий ҳудудларида яшаб ижод қилган ва илмий фаолиятларни амалга оширган эронлик буюк шоирлар, донишмандлар ва мутафаккирлар борасида сизга маълумот берамиз.

 Форобийнинг ҳаёти ва фаолияти

Абу Наср Муҳаммад бин Муҳаммад Форобий тахминан ҳижрий-қамарий 257, милодий ҳисоб билан 870 йилда Форобда таваллуд топган. Айрим тадқиқотчилар уни Қозоғистон жанубида жойлашган Атрай ё Ўтрор шаҳри яқинида дунёга келганини айтишади. Бошқа тарихчилар эса унинг таваллуд топган жойи Буюк Хуросоннинг Борёб ё Форёб шаҳрида  эканлигини баён этишган. Форёб ҳозирги вақтда Афғонистон ҳудудидаги минтақалардан бири ҳисобланади. Аммо барча эронлик ва хорижий тадқиқотчи ва тарихчилар Форобийни  эронлик  деб билишади ва унинг ота –онаси ҳам эронлик эканлигига шак-шубҳа қилмайдилар. Форобийнинг отаси Эроннинг  ҳарбий хизматчиларидан эди. 

Араб тарихчиларидан бири Ибн Аби Уддайба  ўзининг китоби “Инсон алаъюн” китобида Форобийнинг қавми форс эканлигига  ишора этади.

Ибн Надим ҳам “Китобул феҳрист” номли асарида ва  милодий 1288 йилларда яшаган Шаҳрузий ҳам Форобийнинг насл-насаби эронлик эканини таъкидлайди. Бунга илова Форобий  кўплаб илмий ишларининг ҳошияларида форсча, суғдча ва юнонча тилларида айрим манбаларни таништирган. Аммо туркча сўзи унинг бирон асарида кўзга ташланмайди. Айрим тарихчиларнинг ёзишларича,  асарларининг ҳошия ва четларида суғд тилида қилган Форобийнинг ишоралари  унинг она тили ва Фороб аҳолисининг тили суғдча эканлигидан далолат беради.

Форобийнинг асолати эронлик эканлигини бошқа ишончли манбалар ҳам тасдиқлаган. Оксфорд университети  профессори доктор Клиффорд Эдмунд Босвортнинг ёзишича, Форобий, Беруний, Ибни Сино каби буюк шахсиятларни турк халқини яхши кўрувчи айрим тадқиқотчилар турк қавмидан деб хато ёзишган. Форобийни турк деб танитмоқчи бўлган биринчи киши Ибн Халликон бўлган. “Ираника” энциклопедиясида доктор Гуотос   Ибн Халликоннинг ушбу изҳоротини ёмонлаб  баён қилганки, ундан олдин Форобийнинг эронлик эканлигини Ибн Уддайба ҳужжатлар  асосида баён қилган. Бироқ  Ибн Халликон Форобий тўғрисида унинг турк этиб кўрсатиш учун қалбаки ҳужжатларни яратиш пайидан бўлган. Ибн Халликон Форобийнинг ҳақиқий   исмидан олдинги қисмига  Аттурк сўзини ҳам қўшган. Ҳолбуки Форобийнинг бунақа исми  ҳеч қачон бўлмаган.     

Эронлик етук адиб Али Акбар Деҳхудо форс адабиётининг билимдони Бадеъуззамон Фурузонфардан иқтибос келтириб, шундай ёзган: “Форобийнинг болалик ва ёшлик давридаги ҳаётига оид маълумотлар китобларда мавжуд эмас.” 

Ибн Аби Усайбиъа (ҳижрий-қамарий еттинчи асрда яшаган адиб) ўзининг китобида  Форобий ҳақида иккита қарама-қарши бўлган маълумотни нақл қилган: биринчиси, Форобий Дамашқда бир боғнинг  қоровули бўлган ва иккинчиси, у ёшлигида қозилик билан шуғулланган ва бошқа илм ва маориф билан танишганидан кейин қозиликни тарк этган ҳамда бор кучи билан янги илмларни ўрганиш  томонига борган.

Нақл этилишича, Форобий қирқ ёшга кирган вақтида таҳсил олиш учун Бағдодга боради. У ушбу ёши давомида  сарф, наҳв, фикҳ ва ҳадис илмларидан  етарли даражада баҳраманд бўлади. Аммо мантиқ ва фалсафа илмлари билан ўша вақтда  камроқ ошно бўлган эди. Форобий Бағдодга борганидан  кейин Матта бин Юнусдан мантиқ ва фалсафа илмларини кенгроқ ўрганишга киришади.

Кейинчалик ҳозирги Туркиянинг жануби-шарқида  жойлашган Ҳаррон шаҳрига сафар қилади ва  у ерда мантиқ илмининг билимдони Юҳанна бин Ҳейлонга шогирд бўлади. Зеҳни ўткир ва ҳаракатчан бўлгани боис Форобий унга бериладиган  турли мавзулардаги  сабоқларни зудлик билан ўзлаштирарди. Форобий озгина вақт ўтганидан кейин  файласуф ва донишманд сифатида шуҳрат топади. У Бағдодга қайтганидан кейин унинг атрофида кўплаб шогирдлари йиғилишади. Христиан файласуф Яҳё бин Адий ҳам унинг шогирдларидан эди. 

Сўнгги йиллар у Ҳалаб (Алеппо) ҳокими Сайфуддавла Ҳамадоний (943–967) илтифотига сазовор бўлди. Тадқиқотчилар унинг Ҳалабдаги ҳаётини энг самарали давр ҳисоблайдилар. Чунки бу ҳоким ҳурфикрлилиги, илм-фанга эътибор берганлиги билан ажралиб турган. У Форобийни саройга таклиф этади, лекин Форобий бунга кўнмайди, оддий ҳаёт кечиришни афзал кўради. Форобий 949–950 йилларда Мисрда, сўнг Дамашқда яшаб, шу ерда вафот этган ва “Боб ас-сағир” қабристонига дафн қилинган.

Форобий ўрта аср даври табиий-илмий ва ижтимоий билимларининг қарийб барча соҳаларида 160 дан ортиқ асар яратган. У турли билимларнинг назарий томонлари, фалсафий мазмуни билан кўпроқ қизиққанлиги учун унинг асарларини 2 гуруҳга ажратиш мумкин:

1) юнон файласуфлари, табиатшуносларининг илмий меросини изоҳлаш, тарғиб қилиш ва ўрганишга бағишланган асарлар;

2) фаннинг турли соҳаларига оид мавзулардаги асарлар.

Форобий қадимги юнон мутафаккирлари – Платон, Аристотел, Эвклид, Птолемей, Порфирийларнинг асарларига шарҳлар ёзган. Айниқса, Аристотел асарлари (“Метафизика”, “Этика”, “Риторика”, “Софистика” ва б.)ни батафсил изоҳлаб, қийин жойларини тушунтириб бера олган, камчиликларини кўрсатган, айни вақтда бу асарларнинг умумий мазмунини очиб берувчи махсус асарлар яратган.

Image Caption

 

Форобий шарҳлари Ўрта ва Яқин Шарқ илғор мутафаккир–ларининг дунёқарашини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Абу Али ибн Сино Форобий шарҳлари (“Метафизика” – “Мобаъдий табиат”)ни ўқиб, Аристотел асарларини тушунганини алоҳида таъкидлайди. Форобийнинг шарҳ ёзиш фаолияти фақат Шарқнигина эмас, ўрта аср Европасини ҳам юнон илми билан таништиришда катта рол ўйнади. Мутафаккир ўз асарларини ўша даврда Шарқ мамлакатларида илмий-адабий тил ҳисобланган араб тилида ёзади.

Image Caption

 

Форобий шунингдек, араб ва форс тилларида фалсафий мазмундаги шеърлар ҳам ёзган. Форобий асарлари ХII–ХIII асрлардаёқ лотин, қадимий яҳудий, форс тилларига, кейинчалик бошқа тилларга таржима қилиниб, дунёга кенг тарқалган. Сўнгги асрларда кўчирилган нусхалари кўп мамлакатларнинг кутубхона ва муассасаларида сақланади.

Форобийнинг табиий-илмий фанлар ҳақидаги қарашлари “Илмларнинг келиб чиқиши ва таснифи” асарида батафсил ёритилган. Китобда ўрта асрда маълум бўлган 30 дан ортиқ фаннинг таърифи, аҳамияти кўрсатиб берилади. 

Шу нарса диққатга сазоворки, Форобий табиий ва ижтимоий фанларни вазифасидан келиб чиқиб тўғри фарқлаган. Унинг талқинича, математика, табиатшунослик, метафизика фанлари инсон ақлини билимлар билан бойитиш учун хизмат қилса, грамматика, мантиқ, шеърият каби илмлар фанлардан тўғри фойдаланишни, билимларни бошқаларга тўғри тушунтириш, яъни ақлий тарбия учун хизмат қилган. Сиёсат, ахлоқ, таълим-тарбияга оид билимлар эса кишиларнинг жамоаларга бирлашувини, ижтимоий ҳаётга тегишли қоидаларни ўргатади. Форобий инсоннинг амалий фаолияти учун табиий фанларнинг аҳамиятини яхши тушунади. Бундай фанларни у реал нарсалар ҳақидаги илмлар деб атайди.

У юнон табиатшунослари Эвклид, Птолемей, Гален китобларига ёзган шарҳларида, ўзининг геометрияга доир китобида антик дунё, ўрта аср математик ғояларининг йирик билимдони сифатида майдонга чиқди, математиканинг бир қанча мураккаб категориялари ва мавҳум тушунчаларини илмий нуқтаи назардан ҳал этиш йўлларини қидирди, хусусан, сон ҳақидаги эҳтимоллик назарияси тўғрисидаги ғояларни бойитди.

Image Caption

 

Форобийнинг тиббий қарашлари “Инсон аъзолари ҳақида” рисоласида баён қилинган. У инсон аъзоларини, турли хил касалликлар сабабини, уларнинг пайдо бўлиш шароитларини алоҳида-алоҳида ўрганишни, организмнинг саломатлигини тиклаш учун керакли озиқ-овқатларга эътибор беришни қайд этади. Инсоннинг руҳий ва жисмоний ҳолати ташқи омиллар, муҳит таъсирига боғлиқлигига эътибор беради. Унинг тиббиёт вазифаси, мақсади ҳақидаги қарашлари Ибн Синонинг бу ҳақдаги қарашларига катта таъсир кўрсатди. Форобий дунёқарашининг шаклланишига, асосан, Шарқнинг қадимги илғор маданияти анъаналари, араб халифалигига қарши халқ ҳаракатлари, ўрта аср табиий-илмий тафаккур ютуқлари, Юнонистоннинг фалсафий мероси таъсир кўрсатди.

Форобий ўрта асрлар шароитида биринчи бўлиб жамиятнинг келиб чиқиши, мақсад ва вазифалари ҳақида изчил таълимот яратди. Бу таълимотда ижтимоий ҳаётнинг кўп масалалари – давлатни бошқариш, таълимтарбия, ахлоқ, маърифат, диний эътиқод, уруш ва яраш, меҳнат ва бошқалар қамраб олинган. Форобий “Фозил шаҳар аҳолисининг маслаги” рисоласида жамият (“инсон жамоаси”)нинг келиб чиқиши ҳақида бундай ёзади: “Ҳар бир инсон табиатан шундай тузилганки, у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришмоқ учун кўп нарсаларга муҳтож бўлади, у бир ўзи бундай нарсаларни қўлга кирита олмайди, уларга эга бўлиш учун инсонлар жамоасига эҳтиёж туғилади… Бундай жамоа аъзоларининг фаоли-яти бир бутун ҳолда, уларнинг ҳар бирига яшаш ва етукликка эришув учун зарур бўлган нарсаларни етказиб беради. Шунинг учун инсон шахслари кўпайдилар ва ернинг аҳоли яшайдиган қисмига ўрнашдилар, натижада инсон жамоаси вужудга келди”.