Қозоғистонда МАГАТЭнинг кам тўйинтирилган уран банки очилади
Қозоғистон ташқи сиёсат идораси маълумотларига кўра, миқдори тахминан 150 млн доллар бўлган бу лойиҳа қатор давлатлар ва ташкилотларнинг кўнгилли равишда пул ўтказиши ҳисобидан молиялаштирилмоқда.
Қоғозистонда 29 август сешанба куни атом энергияси бўйича Халқаро агентликнинг кам тўйинтирилган уран банки очилиш маросими бўлиб ўтади. У ядро синовларига қарши ҳаракатлар Халқаро кунига бағишланган.
Кам тўйинтирилган уран банки Усть-Каменогорскдаги Ульбинск металлургия заводи базасида жойлашади. МАГАТЭнинг бу жойни танлашига сабаб – корхона керакли инфратузилма, технологиялар, юқори малакали кадрлар ва ядро материаллари билан ишлаш бўйича бой тажрибага эга.
Айни дамда завод жаҳонда уранли, бериллиели, танталли маҳсулотни атом энергетикаси, электроника ва металлургия саноати эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарувчилар орасида тан олинганлардан бири ҳисобланади. У “Казатомпром” миллий компанияси таркибига киради.
Қозоғистонда кам тўйинтирилган уран банкини жойлаштириш бўйича таклиф республика президенти Нурсултон Назарбоевнинг ташаббуси ҳисобланади. У ядро қуролидан холи дунёга эришишга йўналтирилган. Банкни ташкил этишдан асосий мақсад – МАГАТЭнинг ўз мажбуриятларини қоидаларни бузмаган ҳолда бажараётган аъзо-давлатларига ядро ёқилғисини кафолатли етказиб беришни таъминлаш бўйича механизмни яратиш. Шу тариқа банкнинг ташкил этилиши глобал хавфсизликни мустаҳкамлашда ёрдам бериши лозим.