Қирғизистонда бўлиб ўтган президент сайловининг натижалари
Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси 15 октябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайлови натижаларини эълон қилди. Унга кўра, Сооронбай Жээнбеков сайловчиларнинг 55 фоиз овозини тўплаб биринчи турда ғалаба қозонди.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз “Қирғизистонда бўлиб ўтган президент сайловининг натижалари”га доир мавзуга бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси 15 октябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайлови натижаларини эълон қилди. Унга кўра, Сооронбай Жээнбеков сайловчиларнинг 55 фоиз овозини тўплаб биринчи турда ғалаба қозонди. Сайлов бюллетенларининг 97 фоизи қайта ишланганидан кейин Сооронбай Жээнбеков Қирғизистонда бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозонгани маълум бўлган. Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, бюллетенлар ҳисоблаб чиқилганидан кейин Сооронбай Жээнбековга сайловчиларнинг 55 фоизи овоз берган. Бу эса Сооронбай Жээнбековнинг биринчи босқичдаги ғалабасини таъминлайди. Омурбек Бабанов 33,3 фоизлик овозни қўлга киритди. Овоз беришнинг 1-босқичида сайловларда иштирок этганларнинг ярмидан кўпроғининг овозини олган номзод президент этиб сайланган деб ҳисобланади. Қирғизистон марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайлов куни мамлакатда 2375 та сайлов участкаси очилган. Хорижда бўлган қирғизистонликлар эса мамлакатнинг дипломатик ва консуллик ваколатхоналарида жойлашган 37 та сайлов участкасида овоз берган. Маълум қилинишича, мамлакатда ҳаммаси бўлиб 3 млн 876 минг 985 киши овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган.
Президент лавозими учун 11 номзод кураш олиб борди. Дастлаб номзодлар сони 59 та бўлган, бироқ кейинчалик уларнинг кўпчилиги сайловолди пойгасидан чиқиб кетган. Амалдаги президент Алмазбек Атамбоевнинг президентлик муддати 1 декабрда поёнига етади. Конституцияга кўра у янги муддатга сайлана олмайди. Мамлакат тарихида биринчи марта сайловлар электрон ахборот-сайлов тизими ёрдамида ўтказилди. Тизим маълумотларни автоматик ўқиб олувчи саватлар, махсус ҳимояланган маълумотларни узатиш каналлари, дастурий таъминот, марказий сервер ва сайтни ўз ичига олган. Бу тизимлар орқали маълумотлар сайлов тугагандан кейин ҳимояланган каналлар орқали марказий сайлов комиссияси серверига узатилади. Сайловчилар рўйхатлари аҳолининг биометрик маълумотлари асосида тузилган. Сайловчилар идентификацияси бармоқ излари бўйича ўтказилди. Сайловларни кузатиб бориш учун 59 та давлатдан 773 нафар халқаро кузатувчи, жумладан МДҲ давлатларидан 200 га яқин кузатувчи жалб қилинган. Шунингдек, Қирғизистоннинг 10 та жамоатчилик ташкилоти кузатув олиб бориш истагини билдирган.
Сайловолди кампанияси мобайнида кураш асосан икки номзод – Сооронбай Жээнбеков ва Омурбек Бабанов ўртасида кечди. Қирғизистон Республикаси собиқ бош вазири Сооронбай Жээнбеков Алмазбек Атамбаев асос солган ва президентликка сайлангунича етакчилик қилган «Қирғизистон социал-демократик партияси»дан номзод сифатида кўрсатилган. Сайловолди ташвиқоти давомида бошқа номзодлар Жээнбеков фойдасига маъмурий ресурс қўлланаётганига кўп марта эътибор қаратишди. Яна бир асосий номзод Қирғизистон Республикаси собиқ бош вазири, Қирғизистон Жогорку Кенеши «Республика» партия фракцияси раҳбари Омурбек Бабанов. Сайловолди кампанияси мобайнида Омурбек Бабанов деярли доимий равишда шов-шувлар марказида бўлди. Аввалига унинг онаси ва умр йўлдошининг миллати муҳокама қилинди. Ўшдаги ўзбеклар олдида қилган нутқи миллатларо низо чиқариши мумкин деб топилиб МСК томонидан огоҳлантирилди. Омурбек Бабановнинг Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашгани эса Қирғизистон Республикаси ҳукумати томонидан «мамлакатнинг ички ишларига аралашиш» сифатида баҳоланди ва икки давлат ўртасидаги алоқаларга салбий таъсир кўрсатди. Сооронбай Жээнбеков Қирғизистоннинг жанубий минтақасида туғилган.
У 1958 йил 16 ноябрда Ўш вилоятида таваллуд топган. 1983 йилда «зооинженер» мутахассислиги бўйича Қишлоқ хўжалик институтини тамомлаган. 1996 йилда Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон парламентига сайланди ва 11 йиллик фаолиятини депутатликка бағишлади. 2007 йилда собиқ президент Курманбек Бакиев даврида қишлоқ, сув хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири лавозимини эгаллаган. Бакиев 2010 йилда ҳокимиятдан четлатилгач, муваққат инқилобий ҳукумат таркибида Ўш вилояти давлат маъмуриятини бошқарган. 2016 йилда президент Алмазбек Атамбоев уни ўз девони раҳбарининг биринчи ўринбосари этиб тайинлади. 2016 йилнинг апрелида Қирғизистон Республикаси Социал-демократик партияси ташаббуси билан Сооронбай Жээнбеков республиканинг бош вазири этиб тайинланди. 2017 йил май ойида Социал-демократик партиясининг сиёсий кенгаши уни президентликка номзод қилиб кўрсатди, мамлакат қонунчилигига кўра, Сооронбай Жээнбеков ҳукумат бошлиғи лавозимидан сайловда иштирок этиши туфайли расмий равишда истеъфога чиқди. Собиқ бош вазир ҳеч қачон фаол сиёсий карьерани қурмаган ва қирғиз электоратига унчалик яхши таниш эмас эди. У номзод сифатида илгари сурилганида рейтинги турли тадқиқотларнинг баҳосига кўра, 3 дан 6 фоизгача бўлган. Бироқ, тўғри сайлов кампанияси ва президент ёрдами туфайли октябрь ойи бошида унинг рейтинги 40 фоизгача етди. Алмазбек Атамбаев ўз нутқларида бир неча бор ушбу номзодни қўллаб-қувватлаб, унга ишонишини билдирган эди.
Қирғизистонда сайлов натижаларига эътироз бўлмаса, янги президент инаугурацияси 4 декабрга қадар ўтказилади. Қирғизистон президенти ва Жўқорғи Кенеш депутатлари сайлови ҳақидаги конституциявий қонунга кўра, МСК овоз бериш жараёнидан сўнг 20 кундан кечиктирмаган ҳолда 4 ноябрга қадар давлат раҳбари сайлови натижаларини аниқлайди. Агарда, овоз бериш натижалари бўйича белгиланган тартибда шикоят тушса, сайлов натижаларини аниқлаш суд кўриб чиққунга қадар тўхтатилади. Сайловда иштирок этган барча фуқароларнинг ярмидан кўпроқ овозини биринчи турда олган номзод сайланган ҳисобланади. Сайлов натижалари расмий эълон қилинган кундан бошлаб 30 календарь кун ичида сайланган президент агар натижалар шубҳа остига олинмайдиган бўлса - 4 декабрга қадар Жўқорғи Кенеш депутатлари иштирокида Қирғизистон халқига қасамёд қилади. Қасамёд давлат тилида айтилади. Давлат раҳбари сайлови натижаларини расмий равишда эълон қилишни Марказий сайлов комиссияси оммавий ахборот воситаларида 3 календар кун давомида амалга оширади. Марказий сайлов комиссияси сайланган президентни рўйхатдан ўтказади ва лавозимга кириши чоғида президент сифатида сайлангани тўғрисида гувоҳнома, кўкрак нишони ҳамда байроқ топширади.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.