Марказий Осиё ўтган йилда
2017 йилда Марказий Осиёдаги ўзгаришлар энергетика, иқтисодий соҳаларни, минтақавий ва ички ихтилофларни қамраб олди ва ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун жиддий саъй-ҳаракатлар амалга оширилди
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз “ Марказий Осиё ўтган йилда”га доир мавзуга бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
2017 йилда Марказий Осиёдаги ўзгаришлар энергетика, иқтисодий соҳаларни, минтақавий ва ички ихтилофларни қамраб олди ва ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун жиддий саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Ўтган йилнинг январ ойида Қозоғистон президенти ўзининг ваколатларини камайтириш ўз дастурини эълон қилди. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳокимият органларининг ваколатларини қайта тақсимлаш устида ўйлаб кўриш вақти келгани ҳақида 2016 йилнинг 15 декабрь куни маълум қилган эди. "Давлат тараққиётининг янги босқичи мамлакатдаги жараёнлар учун парламент ва ҳукумат масъулиятини кучайтиришни талаб қилади. Қозоғистон президентлик бошқарувидаги давлат бўлган ва шундай бўлиб қолади. Аммо, президент, ҳукумат ва парламент ваколатларини қайта тақсимлаш масаласини кўриб чиқадиган вақт келди", - деган эди Қозоғистон президенти. Кейинчалик давлат раҳбари фармони билан республика ҳукумат органлари ўртасидаги ваколатни тақсимлаш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди. Унга президент маъмурияти раҳбари Одилбек Жаксибеков раҳбар этиб тайинланди.
Махсус ташкил этилган гуруҳдан парламент, ҳукумат, олий суд ва бошқа давлат органлари вакиллари, шунингдек, ҳуқуқшунослар ҳамда олимлар жой олди. Ниҳоят 2017 йилнинг биринчи чорагида Қозоғистон давлат оммавий ахборот воситаларида президент Нурсултон Назарбоев таклиф этган ҳокимият бўғинлари ўртасида ваколатларни тақсимлаш ислоҳоти доирасидаги конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича лойиҳа чоп этилди. Қозоғистон парламентининг икки палатаси қўшма мажлисида мамлакат конституциясига ўзгартириш киритиш мақсадидаги қонун лойиҳасини маъқулланди. Қонун лойиҳасига кўра, конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар биринчи ўринда республика парламенти мавқени оширади. Аввал ҳукумат ўз иши учун президент ва алоҳида вазиятларда Мажлис (парламент қуйи палатаси) олдида масъул бўлган бўлса, эндиликда у доимий равишда ўз ҳаракатлари учун президент ва парламент олдида жавоб беради. Бундан ташқари, конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар ҳукумат ўз ваколатини президент эмас, балки қайта сайланган Мажлис олдида топширишини кўзда тутади. Ҳукуматнинг янги таркиби бош вазир томонидан таклиф этилади. Бунга қадар ҳукумат раҳбарининг ўзи мустақил равишда вазирлар маҳкамаси аъзоси номзодини президентга тақдим этган.
2017 йилда Қирғизистон республикасида бўлиб ўтган президент сайловлари жараёнида ҳам кўплаб жанжалли воқеалар бўлиб ўтди. Қирғизистонда 2017 йил 15 октябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайлови натижаларига кўра, Сооронбай Жээнбеков сайловчиларнинг 55 фоиз овозини тўплаб биринчи турда ғалаба қозонди. Бу эса Сооронбай Жээнбековнинг биринчи босқичдаги ғалабасини таъминлади. Президент сайловида иштирок яна бир асосий номзод Қирғизистон Республикаси собиқ бош вазири, Қирғизистон Жогорку Кенеши «Республика» партия фракцияси раҳбари Омурбек Бабанов эса 33,3 фоизлик овозни қўлга киритди. Сайловолди кампанияси мобайнида кураш асосан икки номзод – Сооронбай Жээнбеков ва Омурбек Бабанов ўртасида кечди. Сайловолди кампанияси мобайнида Омурбек Бабанов деярли доимий равишда шов-шувлар марказида бўлди. Омурбек Бабановнинг Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашгани эса Қирғизистон Республикаси ҳукумати томонидан «мамлакатнинг ички ишларига аралашиш» сифатида баҳоланди ва икки давлат ўртасидаги алоқаларга салбий таъсир кўрсатди. Қирғизистон Республикаси Бош прокуратураси Қирғизистон президенти сайловида иштирок этган номзод Омурбек Бабановга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида маълум қилди. Хабарда, Омурбек Бабанов ва бошқа шахсларга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг "оммани конституциявий тизимни куч ишлатиш йўли билан ўзгартиришга даъват қилиш" ҳамда "миллий, ирқий ва диний адоватни қўзғатиш" моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилганлиги қайд этилган.
Октябрь ойида Қирғизистон президети Алмазбек Атамбаев бир неча бор Қозоғистон раҳбарияти номига кескин айбловлар билан чиқиш қилган эди. Алмазбек Атамбоев, хусусан, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевни ўзига қулай президентни Қирғизистонга тиқиштираётгани, Бакиевларни яхши кўриши ва ўз мамлакатини талон-тарож қилишаётганини айтиб ўтган эди. Бу воқеалардан кўп ўтмай икки мамлакат фуқаролари ва хорижий сайёҳлар қозоқ-қирғиз чегарасини кесиб ўтишда муаммоларга дуч кела бошлашган. Қирғизистондаги сайловлар билан боғлиқ ҳолда Остона ва Бишкек ўртасида дипломатик можаролар келиб чиққандан кейин, Қозоғистон Қирғизистон билан чегарада кучайтирилган хавфсизлик чораларини киритди. Бунинг натижасида чегарани кесиб ўтувчилар сони 3 маротабага қисқарган. Қирғизистон томонда юк машиналарининг бир неча километрлик тирбандлиги вужудга келган. Ушбу зиддиятлар ортидан, Қирғизистон расмий даражада Қозоғистоннинг 100 млн долларлик ёрдамидан бош тортди. Қирғизистон Қозоғистон билан Евроосиё иқтисодий интеграция шароитида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида 2016 йилда имзоланган келишувни бекор қилди.
2017 йилда Тожикистон республикасида ҳам бир қанча ўзгаришлар рўй берди. Айниқса, мамлакатда Исломдан қўрқитиш ҳаракатлари янада шиддатли тус олди. Тожикистон ҳукумати қабул қилган янги қарорга биноан, эндиликда 40 ёшга тўлмаган фуқаролар ҳаж ибодатини адо этишлари мумкин эмас. Тожикистон давлати томонидан қабул қилинган ушбу чоралардан кўзланган мақсад, экстремизмга қарши кураш ва шунингдек мамлакатдаги исломий гуруҳларнинг таъсирини камайтириш бўлган. Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мамлакатда одамларни диний қадриятлардан қайтариш ва диндан узоқлаштириш учун бор куч имкониятини ишга солмоқда. Имомали Раҳмон ҳатто диний мадрасаларда таҳсил олаётган талабаларнинг исломий кийинишларини яни ҳижобда юришларини ҳам тақиқлаб қўйди. Ҳижобга қарши шиддатли кураш олиб борди. Шундан келиб чиқиб, Имомали Раҳмон бошчилигидаги давлат ўтган 20 йилга яқин вақт давомида Тожикистондаги фаол бўлган партия тузилмаларини йўқ қилиш билан бирга, Тожикистондаги ҳукмрон партиянинг айрим рақибларини турли кўринишдаги баҳоналар билан мамлакатнинг сиёсий майдонидан суриб чиқарди. Мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, Ўрта Осиё республикаларининг сиёсий майдонида фаолият юритиш учун рухсатга эга бўлган ягона исломий партия ҳисобланадиган Тожикистон исломий ҳаракати партияси ўтган бир неча йиллар мобайнида турли хил баҳоналар билан жумладан давлат тўнтаришларини амалга оширишни режалаштириш, ички тартибсизликлар ва нотинчликлар ҳамда уруш келтириб чиқаришга уриниш ва бошқа баҳоналар билан ушбу партиянинг фаолият юртиши учун берилган рухсатномаси бекор қилинди. Тожикистон Исломий ҳаракати партиясининг раҳбарлари ва етакчилари бошқа мамлакатларга қочиб кетишди ҳамда улар айни пайтда ўзига хос шароитларда ҳаёт кечиришмоқда.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.