Остона шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг учрашуви бўлиб ўтди
(last modified Sun, 08 Jul 2018 06:27:00 GMT )
июл 08, 2018 11:27 Asia/Tashkent

6 июль куни Қозоғистон пойтахтидаги Мустақиллик саройида Остона шаҳрининг 20 йиллигини нишонлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини мен Аҳмаджон Сулаймонов  эътиборингизга ҳавола этаман.  

     Бугунги  суҳбатимиз "Остона шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг учрашуви”га доир мавзуга бағишланади.      

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

      6 июль куни Қозоғистон пойтахтидаги Мустақиллик саройида Остона шаҳрининг 20 йиллигини нишонлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан ушбу тадбирда иштирок этди. Маълумки, 1994 йил 6 июлда Қозоғистон Олий Кенгаши мамлакат пойтахтини Олмаота шаҳридан Оқмола шаҳрига кўчириш тўғрисида қарор қабул қилган. 1997 йил 10 декабрда Президент Нурсултон Назарбоевнинг фармонига мувофиқ Оқмола шаҳри Қозоғистон Республикасининг пойтахти деб расман эълон қилинган. 1998 йил 6 май куни Оқмола шаҳрининг номи Остона деб ўзгартирилган. 2008 йили қабул қилинган қонунга мувофиқ «6 июль – Пойтахт куни» давлат байрами этиб белгиланган. Ўтган даврда шаҳар ҳудуди анча кенгайиб, замонавий бинолар барпо этилди. Остона мамлакатнинг нафақат сиёсий, балки иқтисодий, ижтимоий, маданий марказига айланди.

    Остона шаҳри янги, мустақил ва изчил ривожланаётган Қозоғистоннинг ёрқин тимсолидир. Бу шаҳар йирик иқтисодий ва молиявий марказ, халқаро форум ва учрашувлар учун қулай майдонга айланди. Бу ерда минтақавий ва халқаро миқёсдаги тадбирлар ҳам ўтказилган. Жумладан, Қозоғистон пойтахти 2011 йилги қишки Осиё ўйинлари, 2017 йилги халқаро ихтисослашган кўргазмага мезбонлик қилган. Остона шаҳрининг 20 йиллик тадбирлари яна бир самимий мулоқот майдони бўлди. Юбилейда Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ҳам қатнашди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ҳамроҳлигида «Остона» халқаро молия марказини бориб кўрди. Нурсултон Назарбоев ушбу марказда ишбилармонлар учун яратилган шароитлар, истиқбол учун белгиланган режалар ҳақида сўзлаб берди. Ушбу марказ фаолияти халқаро молия институтлари тажрибаси асосида йўлга қўйилган. Унинг аъзолари учун эллик йилгача солиқ имтиёзлари бериш, виза, валюта ва иш юритиш тизимини соддалаштириш кўзда тутилган. Қозоғистонга сафар қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан ҳам учрашди. Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликлар кўламини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

   Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг учрашувлари Марказий осиё халқлари ва давлатлари учун муҳим аҳамият касб этади. Марказий Осиё минтақасининг халқлари бир-бирлари билан кўп қиррали ва кўп жиҳатдан ўзаро боғлиқликларга эгадир. Шу орада ўзбек ва тожик халқларининг бир-бирлари билан яқинлашуви ва жипслиги ушбу минтақадаги бошқа халқларга қараганда анчагина юксалди. Шубҳасизки, ушбу иккала қўшни мамлакатнинг муаммоларини ҳал этилиши, Ўрта осиёнинг бошқа республикаларига ҳам ижобий таъсир кўлами кўпроқ бўлади. Шунга қарамай, айрим экспертлар ушбу мавзуда ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ушбу масалага омма афкорининг эътиборини жалб этишга ҳаракат қилишади. Тожикистоннинг сиёсий масалалар бўйича эксперти Олим Ширзамон ҳам бу ҳақда шундай айтдики, ҳозирги шароитда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг кескин алоқаларини юмшатиш ва оддий ҳолатга қайтариш учун икки мамлакатнинг сиёсий элитаси ўртасида жиддий ирода мавжуд. Шу боис, яқин келажакда Тошкент ва Душанбе муносабатларининг янада яхшиланишида умидворлик катта.

     Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон республикаси президенти этиб сайланганидан кейин, у томонидан Ўзбекистоннинг, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан муносабатларини янада яхшилаш йўлида ташаббускорлик ҳаракатлари илгари сурилди.  Мазкур республикалар президентларининг Тошкентга сафар қилишлари ва Ўзбекистон президентининг ушбу мамлакатларга сафар қилиши ҳам мазкур алоқаларнинг яхшиланишига катта туртки берди. Дарҳақиқат, шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон президентининг Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон президентлари билан бир неча марта учрашишлари ва Шавкат Мирзиёевнинг ушбу мамлакатларга уюштирган охирги сафарлари, Ўрта осиёнинг бешала республикасининг муаммоларининг асосий ва умумий қисмини ҳал этилишига сабаб бўлди.

     Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан сўнг ўзбек-тожик муносабатларида сезиларли даражада илиқлик кўзга ташлана бошланди. Шавкат Мирзиёев мамлакат президенти вазифасини вақтинчалик бажараётган пайтида ҳам у Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги бош устувор вазифалардан бири — ўз мамлакатининг манфаатлари чамбарчас боғлиқ бўлган Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш эканлигини айтиб ўтган эди. У «Биз ўзимизнинг энг яқин қўшниларимиз — Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз», — деган эди.

     Сўнги йилларда Тошкент ва Душанбе ўртасидаги муносабатларда юқорилаш ҳолатларини кузатиш мумкин. Давлатлар ўртасида сув манбаларидан фойдаланиш ва чегара масалалари бўйича кўплаб музокаралар олиб борилмоқда. Сув масаласи, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги билан шуғулланаётган аҳолиси учун ўта долзарбдир. Сув ҳавзаларнинг аксарияти Тожикистон ҳудудидан бошланади. Электр энергия ишлаб чиқарувчи йирик гидроэлектр станциялар барпо этилиши Тожикистон иқтисодиётининг тикланишига ёрдам беради. Тожикистон сиёсатчилари Тошкент билан муносабатларда икки нуқтаи назардан қарайдилар. Айрим сиёсатчилар, Тожикистон максимал даражада ўзининг сув ресурсларидан фойдаланиши зарурлигини таъкидлашса, бошқалар эса Ўзбекистон билан ҳамкорликда ушбу масалада музокаралар олиб бориш зарур деб ҳисоблашади. Икки юрт ўртасидаги чегара масаласининг ҳал этилиши ҳам давлатлар ўртасида муносабатларни яхшиланишига олиб келиб, сув бойликларидан фойдаланиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун замин яратди.Аслида иккала қўшни давлат ҳам кўплаб масалалар бўйича ўз қарашларини қайта кўриб чиқишмоқда: Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида авиақатнов тикланди, табиий газ сотиб олиш бўйича муддаолар ҳал этилди, икки мамлакат ИИВлари ҳамкорлик ҳақида келишув имзоланди шунингдек иккала юрт ўртасидаги ваза масаласи ҳам ижобий ҳал этилди. Демак, яхши қўшничилик муносабатларининг янада мустаҳкамланишига умид қилса бўлади.

     Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.  Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.