«GTA бандаси» қотиллари бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум этилди
-
GTA бандаси» қотиллари
Москва вилояти суди «GTA бандаси» деб аталмиш жиноятчиларга нисбатан вилоят трассаларида кўплаб ҳайдовчиларни ўлдирганликлари учун узоқ муддатли - бир умрлик қамоқ жазоси ҳукмини чиқарди, деб хабар беради «Интерфакс».
Фарғона.ру сайтига кўра, «Суд айбланувчиларнинг инсонлар ҳаётини мутлоқ менсимаслигига, уларнинг ижтимоий хавфли одамлар бўлиб, маълум муддатли жазо уларнинг тўғри йўлга қайтишига ёрдам бермаслигига амин бўлди», - деди судя Наталья Валикова.
500 вараққа эга суд ҳукмини ўқиш ишлари 1 август куни бошланди. Суд қароридан шу нарса маълумки, банданинг бешта иштирокчиси – Шержон Қодиров, Анвар Улуғмуродов, Умар Ҳасанов, Ҳазратхон Додохонов ва Зафаржон Ғуломовлар 17 нафар одамни ўлдирганликда ва тажовузларда айбдор деб топилганлар. Тўрт киши махсус режимли колонияда бир умрлик қамоқ жазосини ўтайди, Ғуломовга эса 20 йиллик қаттиқ режимли колонияда жазони ўташ ҳукми белгиланган.
2012-2014 йиллари Москва вилоятида жиноий ишларни содир этган мазкур жиноятчиларни матбуот «GTA бандаси» деб атайди. Чунки, шу номдаги видеоўйинда иштирокчи буюртма қотиллик ва турли жиноятларни содир этади. Жиноий гуруҳ Москва ва Калуга вилоятлари оралиғидаги М4 «Дон» трассасида йўлга машина балонини тешадиган миҳлар ўрнатиб, «ўлжа»ни пойлайди. Машина ғилдираклари тешилган ҳайдовчиларнинг қимматбаҳо буюмларини ўғирлаб, ўзларини ўлдирадилар. Жиноятчилар уч йилда 17 нафар одамнинг ётиғини қуритганлар. Банданинг етакчиси деб тан олинган Ибайдилло Субҳонов 2014 йили Москва вилоятида жиноятчиларни қўлга тушириш операцияси пайтида ҳалок бўлади.
2017 йили «GTA бандаси» Москва вилояти судининг конвойларини қуролсизлантиради ва ўртада пайдо бўлган отишмада жиноий гуруҳнинг уч аъзоси ўлдирилади, иккитаси яраланади. Шифохонада яраланган жиноятчилардан бири оламдан ўтади. Икки соқчи ва Росгвардия ходими отишма чоғида жароҳатланади.
2018 йил февралда ўтказилган тергов пайтида Анвар Улуғмуродов шериклари билан босқинчилик орқали Ўзбекистонда ҳарбий тўнтариш учун маблағ йиғмоқчи бўлганларини айтади. Банда етакчилари бўлмиш ака-ука Субҳоновлар гуруҳ иштирокчиларига нисбатан Ўзбекистондаги сиёсий янгиликлар воситасида «мафкуравий ишлов» олиб борадилар. Жиноятчилар машғулотларда биринчи президент Ислом Каримов суратидан нишон ясаб, унга ўқ узиш орқали ўз маҳоратини чархлайдилар.