Атамбаевнинг қидирувдаги маслаҳатчиси Москвада қўлга олинди
Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг маслаҳатчиси, қидирувда бўлган Икромжон Илмиянов Москвадан Бишкекка олиб келинди, деб хабар берди Форс ахборот агентлиги.
Пайшанба куни Бишкекнинг Первомайский тумани суди Илмияновни ҳибсга олиш тўғрисида сиртдан қарор чиқарганди. У президент аппарати раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган, жамоатчилик норозилигидан сўнг президент маслаҳатчиси этиб тайинланганди. Тергов маълумотларига кўра, Илмиянов 150 минг доллар миқдорида пора олишда гумонланиб қидирувга берилганди.
Мамлакат миллий хавфсизлик қўмитаси ҳозирча мазкур маълумот бўйича изоҳ бермади.
Атамбаев ўтган йил охирида президентлик лавозимини тарк этган, унинг ўрнига Сооронбай Жээнбеков президент этиб сайланганди.